Трамп инаугурациясида радикал ташаббусларни эълон қилди

Олам

image
Дастлаб Аляска каби “сув текинга” қўлга киритилган, аммо кейинчалик қўш-қўллаб Панамага топширилган канал тарихи north_east

Дастлаб Аляска каби “сув текинга” қўлга киритилган, аммо кейинчалик қўш-қўллаб Панамага топширилган канал тарихи

АҚШнинг янги Президенти Дональд Трамп ўзининг инаугурациясини мамлакат учун тарихий бурилиш нуқтаси деб атади ва 2025 йил 20 январь АҚШ фуқаролари учун "Озодлик куни" бўлишини айтди. Бу ҳақда у кеча, 20 январь куни Вашингтондаги Капитолий Ротундасида қасамёд қилганидан сўнг ўзининг инаугурацион нутқида сўз очди.

Трампнинг сўзларига кўра, унинг президентлик сайловидаги ғалабаси унинг дастурини қўллаб-қувватлаш аҳолининг деярли барча қатламлари, барча этник гуруҳлар ва барча ёш гуруҳларида “кескин даражада ошганини” кўрсатди. Оқ уй раҳбари сайловларда уни миллий озчиликлар, хусусан, лотин америкаликлари ва осиёлик америкаликлар фаол қўллаб-қувватлаганини таъкидлади.

“Овоз бериш орқали менга кўрсатган катта меҳр ва ишончингиз учун сизга раҳмат айтмоқчиман”, деди у.

Трамп “Америка таназзулига” барҳам беришга ваъда берди.

"Ҳозир ва шу ерда Қўшма Штатларнинг олтин даври бошланади", деди АҚШнинг 47-Президенти.

Трамп мамлакатни "ўзгаришлар тўлқини босиб олаётганини" ва у Оқ уйга "миллий муваффақиятнинг янги ва ҳаяжонли даврининг бошида эканига некбинлик ва ишонч билан" қайтганини таъкидлади.

Президент сифатида қасамёд қилганидан сўнг халққа мурожаат қилган Трамп тажовузкор оҳангда бўлди ва бир қатор кенг қамровли ташқи ва ички сиёсат ташаббусларини эълон қилди. У энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилишга ваъда берди, бу эса қазиб олинадиган ёқилғи ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини беради.

“Биз яна бой давлатга айланамиз, бунда оёғимиз остидаги суюқ олтин ёрдам беради”, деди у.

Трамп, шунингдек, Қўшма Штатлар яна бир бор Париж иқлим келишувидан чиқишини эълон қилди ва мамлакат энди электр транспорт воситалари улушини оширишга интилмаслигини айтди.

"Бу Америка автосаноатини қутқаради ва ҳар ким ўзи хоҳлаган машинани сотиб олиши мумкин бўлади, дея қўшимча қилди янги Президент.

Трамп, шунингдек, мамлакатга “ҳалокатли босқинни қайтариш” учун АҚШнинг жанубий чегарасига қўшин жўнатишини ҳам кўрсатди. АҚШнинг янги Президенти “миллионлаб ва миллионлаб” ноқонуний муҳожирларни режалаштирилган оммавий депортация қилишни амалга оширишини аниқ айтди. У ўз маъмуриятини барча хорижий тўдалар ва жиноий тармоқларни йўқ қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг - федерал ва штатнинг "мутлақо чекланмаган кучи"дан фойдаланишга йўналтиришини билдирди.

Трамп, шунингдек, АҚШда фақат иккита биологик жинс - эркак ва аёл тан олинишини буюради.

“Бугундан бошлаб Қўшма Штатлар маъмуриятининг расмий сиёсати шундан иборатки, фақат иккита жинс мавжуд: эркак ва аёл", деди у.

Трамп “жамоат ва шахсий ҳаётнинг барча жабҳаларига ирқий ва жинсни ижтимоий сингдиришга уриниш сиёсатини” тугатишга ваъда берди.

Шунингдек, республикачи Панама каналини “қайтариб” олишни ваъда қилмоқда. Унинг айтишича, АҚШ тарихидаги энг қиммат қурилиш лойиҳаси бўлган канални Панамага бериш аҳмоқликдир.

"Америка кемалари энди Панама канали орқали ўтиш учун ортиқча тўловларни тўлашига тўғри келади, бу канал ҳозир Панама томонидан эмас, балки Хитой томонидан бошқарилади, Қўшма Штатлар ҳеч қачон унга бундай ҳуқуқларни бермаган", деди Трамп.

Бундан ташқари, Трамп Мексика кўрфазининг номини Америка кўрфази деб ўзгартириш, шунингдек, Шимолий Америкадаги энг баланд тоғ Денали тоғини аввалги номи МакКинлига қайтариш ниятида эканини маълум қилди.

Маълумот учун, 78 ёшли Дональд Трамп 2024 йил 5 ноябрда бўлиб ўтган президентлик сайловларида Демократик партиядан номзод ва АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррисни ортда қолдириб, ғалаба қозонди. У 2017 йилдан 2021 йилгача АҚШ президенти лавозимида ишлаган, шундан сўнг унинг ўрнини демократ Жо Байден эгаллаган. Жеймс Дэвид Вэнс АҚШнинг 50-вице-президенти бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг