Трамп ҳам Шимолий Кореяни “ядровий давлат” деб атади
Олам
−
21 Январь
1966АҚШ Президенти Дональд Трамп Шимолий Кореяни “ядровий давлат” деб атади. Бу ҳақда у кеча, 20 январь куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда сўз очди.
Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин унинг Оқ уйга қайтишидан хурсанд бўлишига ишонишини айтди. Америка раҳбари биринчи президентлик даврида у билан КХДР раҳбари ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатилганини таъкидлади.
Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги Дональд Трампнинг КХДРни “ядровий давлат” деб атаган баёнотларига изоҳ берди. "Yonhap" агентлигининг хабар беришича, вазирликнинг расмий вакили Чунг Ха Кё Корея Республикаси Шимолий Кореянинг тўлиқ ядросизланиши тарафдори эканини таъкидлаган.
Қайд этиш жоиз, Шимолий Кореяни “ядровий давлат” сифатида тан олиш мунозараларга сабаб бўлиши мумкин, чунки Қўшма Штатлар Шимолий Кореяни ядровий давлат сифатида расман тан олмасди. Маълумки, АҚШ расмийларининг аксарияти Пхеньян ҳукуматининг "ноқонуний қурол дастурини тан олиш ва қонунийлаштиришдан қочиш" учун уни очиқчасига "ядровий давлат" деб аташни истамайди.
Эслатиб ўтамиз, Трамп томонидан мудофаа вазири лавозимига номзоди илгари сурилган Пит Хегсет ҳам АҚШ Сенати Қуролли кучлар қўмитасига берган баёнотида Шимолий Кореяни глобал барқарорликка таҳдид соладиган “ядровий куч” деб таърифлаганди.
LiveБарчаси