АҚШ Панама каналига қанчалик ҳақли?

Таҳлил

image

Тарихи жуда қизғин ва зиддиятли, қурилиш жараёни бир неча ўн минглаб инсонларни ҳаётига зомин бўлган, дунё иқтисодиёти учун ҳаётий аҳамиятга эга, бугунги кунда ер юзидаги энг муҳим сув йўлларидан бири – Панама канали. Сўнгги кунларда мазкур сув йўли устида кетаётган сиёсий кескинлик кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Канални АҚШ тасарруфига қайтариш, зарурат туғилганда бу йўлда ҳарбий кучдан фойдаланишдан ҳам тап-тортмаслик каби таҳдидли риторикалар тарихи бир асрдан ҳам кўпроқ бўлган канал атрофидаги воқеаларни яна жонлантирди. Буларнинг ортида эса яқин кунларда Қўшма Штатлар президенлиги постини расман эгаллайдиган нью-йорклик тадбиркор турибди.

Панама каналига таҳдид минтақа давлатларига Трамп томонидан ортда қолган икки ой давомида қилинган ягона босим эмас. Бугунгача у Шимолий Американинг бир қатор давлатлари, жумладан Канада ва Мексикага, бундан ташқари, дунёдаги энг йирик орол Гренландияга ҳам “оғиз ташлади”. Аммо унинг ҳудудий амбициялари қаторида Гренландия ва Панама канали борган сари жиддий тус олмоқда.

Гренландияда ўтган соатлар давомида нималар бўлгани кўпчиллик маълум. Трампнинг ўғли оролга ташриф буюриб, бу ердаги маҳаллий аҳолидан охирги воқеликларга бўлган муносабатларини, аниқроғи Трампнинг империалистик сиёсатига унчалик қарши бўлмаган ва ҳатто уни қўлловчиларнинг жавоблари акс этган тасвирлар ОАВларга тарқатди. Ҳатто баъзи маълумотларга кўра, сайланган президент жамоаси Гренландияни ўз таркибида сақлаб турган Дания расмийларига Трампнинг нияти жиддий эканини билдирган. Юқоридагиларга ишонилса, Дональд Трампнинг “муз қоплаган” орол бўйича режалари шунчаки қуруқ гап эмаслигини англаш мумкин.

Аммо бугун эътибор қаратмоқчи бўлганимиз – ўтган асрнинг сўнгги йилларига қадар деярли АҚШ мулки ҳисобланган, бугун эса статуси бироз бошқача бўлган Панама канали нега айнан ҳозир Трампга керак бўлиб қолди? Нега у каналга ҳаддан зиёд “ёпишиб олди?” Қуйида ушбу каналнинг тарихи, унинг айни дамдаги салоҳияти, у атрофида кечган қизиқ сиёсий жараёнлар, хусусан бугунги мустақил Панама давлати айнан шу каналнинг қурилиши туфайли пайдо бўлгани ва бугунги воқеликлар батафсил кўриб чиқилади.

"Чанг босган" лойиҳа 

XVI асрда Жанубий ва Марказий Америка ҳудудларининг катта қисми ўша пайтдаги энг йирик ва қудратли мустамлакачи давлатлатлардан бири бўлган Испания назоратига олинади. Бу пайтда Усмонлилар Ўртаер денгизи устидан мутлақ бошқарувга эга бўлиб, Европадаги қиролликлар учун бу ердан фойдаланишни чеклаганди. Кўҳна қитъадагилар учун эса альтернатив сув йўлини топиш заруратга айланди. Асосий мақсад эса Шарқдаги давлатлар билан савдо-сотиқ муносабатларининг тўхтаб қолмаслиги эди. Дастлабки ҳаракатлар Атлантика океанидан йўлга чиққан кемалар Ҳинд океанига етиб олиши учун яхши шароит бўлган маршрутни шакллантиришдан бошланди.

Янги давр тарихининг яна бир йирик метраполияси ҳисобланган Португалия сайёҳлари бу миссияни амалга ошириш учун “енг шимарди”. Транзит сифатида Африканинг энг чекка жанубий нуқтасидан ўтиш лозим эди. Бу орада португаллар мазкур нуқтага бир бор келиб кетишган ва якунда уни “бўронлар бурни” деб атаганди. Аммо Португалия қироли шу ердан Ҳинд океанига чиқишга умид боғлаб, уни “Яхши умид бурни” деб аташни буюрди. 1497 йилда Васко да Гама айнан шу бурун орқали Африка қитъаси жанубидан ўтиб, Ҳинд океанига чиқишга муваффақ бўлди. Дагама 2 йил ўтиб ортга, яъни Португалияга қайтгач, европалик савдогарлар у томонидан юрган сув йўли орқали Ҳиндистонга оқиб кела бошлади. Шу тариқа португал сайёҳи Европа иқтисодиёти учун ўта муҳим бўлган, қитъани Ҳиндистон билан боғлайдиган сув йўлини кашф қилди.

Васко да Гама очган Европадан Ҳиндистонга денгиз орқали сузиб бориш йўли

Аммо бу сўнгги муқобил йўл эмасди. Кейинги шундай ташаббуслардан бири испанлардан чиқди. Бу сафар бошқа қиъта орқали яна бир бошқа йирик сув сарҳадига чиқиш мақсад қилинди. Бу бугунги Панама канали лойиҳасининг дунёга келиши эди. 1513 йилда испан тадқиқотчиси Нуньес де Балбоа Шимолий ва Жанубий Американи боғлаб турган Панама ерлари жуда юпқа эканини аниқлади. Бу кашфиёт Атлантика океани ва қитъа ортидаги ҳудди шу каби яна бир йирик океанни боғлайдиган сув йўлини очишга туртки бўлди. Аммо бу жараён амалий ҳаракатлар бошланмасидан олдин якунланди. Бир неча ўн йиллик самарасиз изланишлардан сўнг, бир вақтнинг ўзида ҳам “Муқаддас Рим империяси” императори, ҳам Испания қироли бўлган Карл V канални қуриш имкониятлари муҳокамасини мутахасислар ўртасига ташлайди. Тадқиқотчилар эса мазкур лойиҳани амалга ошириб бўлмайди деган хулосага келиб, канал қуриш истиқболига ишончсизлик билан қарайди ва лойиҳадан воз кечилади. Шу тариқа Панама каналини қуриш мавзуси ёпилади, аммо фақат бир неча асрларгагина холос.

Магелланнинг дунё бўйлаб саёҳати

Бу орада эса яна бир португалиялик денгизчи Фернандо Магеллан муваффақиятсизликка учраган Панама канали лойиҳасини ўрнини узоқроқ бўлсада, бошқа бир йўналиш билан тўлдиришга уруниб кўрди. У 1519 йилда Жанубий Американинг жанубий нуқтасидан ўтиб, номаълум ва жуда сокин бўлган окенлардан бирига чиқди. У бу ердаги сокин муҳит шунчаки вақтинча эканини олдиндан билмагани туфайли океанга “Тинч” деган ном берди. Магелланнинг саргузашти 3 йил давом этди ва катта йўқотишлар билан Испания қирғоқларига қайтиб келди. Бироқ унинг кашфиёти на иқтисодий ва на сиёсий аҳамиятга эга бўлди. Магеллан юрган сув йўли узоқ ва ноқулайлиги сабаб бу йўналишдан узоқ вақт давомида ҳеч бир давлат фойдаланмади. У томонидан қилинган экспедиция фақатгина илмий ютуқлар билан фойдали бўлди холос. У босиб ўтган йўлларда Магеллан бўғози ва Тинч океани каби ҳудудлар хариталардан ўрин ола бошлади. Бундан ташқари, Магеллан саёҳати ер сайёрасининг думалоқлогини амалда исботлади. Аммо энг муҳим миссия савдо йўли очиш масаласи очиқлигича қолди. Бу эса келажакда Панама канали лойиҳасининг яна қайта вароқланишига туртки берди.

Қўлма-қўл бўлган чала канал

ХIХ асрда Атлантика ва Тинч океанини боғловчи сув йўлини очиш зарурати ҳали ҳам долзарблигича қолаётганди. Иқтисодий гигантлар компаниялар учун саёҳат вақтини ва харажатларини максимал даражада тежайдиган қисқа сув йўли очилишидан манфаатдор эди. Бу ишни Шимолий Американинг собиқ мустамлакачиси – Франция ўз зиммасига олди. 1881 йилда франциялик дипломат ва тадбиркор Фердинанд де Лессепс Панама ҳудудини кесиб ўтадиган канал қуришга киришди. Бироқ барча ишлар орқага кетди. Канал қуриш учун жалб қилинган минглаб ишчилар нотўғри режалаштириш, муҳандислик муаммолари ва тропик касалликлар туфайли ҳалок бўла бошлади.

Муаммо шунда эдики, Лессепс канал қуриш режалаштирилган ерда бир неча бор бўлиб, бу ташрифлар фақат йилнинг тўрт ойидагина давом этадиган қуруқ мавсумда амалга оширилганди. Унинг ишчилари эса ёмғирли мавсумга мутлақо тайёр эмас, бундай шароитда қандай ишлаш борасида ҳам уларда аниқ кўрсатмалар йўқ эди. Зич ўрмон, заҳарли илонлар, ҳашаротлар, ўргимчаклар, "сариқ иситма", безгак ва бошқа тропик касалликлар урчиган шароитда минглаб ишчилар ҳалок бўлди. Панама канали шу турдаги сув йўлларидан бири – Сувайш каналининг ярмичалик чиқмасада, уни қуриш жараёни айнан шу ноқулай табиий шароитлар туфайли мураккаблашиб кетди. 1884 йилга келиб эса ойига 200 дан ортиқ одам оғир ва хавфли меҳнат шароитлари оқибатида ҳалок бўла бошлади. Барча қилинган ишлар фақат тескари натижа берар, Фердинад де Лессепс компанияси вақт ва пулни шунчаки исроф қилиб юборарди. Лойиҳа банкротлик ёқасига келганда йўл қўйилган муҳандислик хатоларини тўғирлаш учун ҳатто Эйфель минораси бунёдкори бўлган Гюстав Эйфель ҳам шу ишга жалб қилинди. Аммо якунда ундан ҳам наф бўлмади ва Лессепс бошчилигидаги Панама канали лойиҳаси 1889 йилда расман инқирозга юз тутди.

Бу муваффақиятсиз уруниш Францияга нақд 260 миллион долларга тушганди. Мазкур воқелик ортидан Францияда жуда катта жанжал бошланди. Лойиҳа ишониб топширилган де Лессепс, унга энг охирида қўшилган Гюстав Эйфель ва бошқа раҳбарлар канал қуриш учун ажратилган маблағларни ноқонуний тарзда ўзлаштирганликда айбланди. Бу иш юзасидан ҳатто Лессепс ва унинг ўғли айбдор деб топилиб, улар беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Орадан бироз вақт ўтиб суд ҳукми бекор қилинди. Фердинанд де Лессепс 1894 йилда вафот этди. Ўша йили унинг банкрот бўлган бизнес активлари янги тузилган бошқа бир француз компаниясига ўтказилиб, унга ишни давом эттириш юклатилди. Аммо мазкур фирма ҳам орадан кўп ўтмай бу вазифани бажара олмади ва ундан воз кечди. Бу эса энди шунчаки Панама канали лойиҳаси бир компания томонидан рад этилиши эмасди. Бу Франциянинг давлат миқёсида ушбу канални қуриш истагидан тўлақонли воз кечиш қарори бўлди.

Аляска каби сотилган Панама канали

Франция Панама ерларидан канал очишга уринаётган пайтда Қўшма Штатлар ҳам шу каби мақсад билан бошқа бир давлат ҳудудида иш бошлаш арафасида эди. АҚШ мулозимлари иқтисодий ва ҳарбий сабабларга кўра, Транс-Америка сув йўлини очишга қизиқиш билдириб, уни Панамага қўшни бўлган Никарагуадан ўтказишни мақсад қилганди. Аммо бу борада на музокаралар ва на амалий ҳаракатлар ҳали бошланмаган пайтда Панама каналини қуришдан “куйган” Франция бу омадсиз лойиҳани зудлик билан даф қилиш пайига тушди.

Шу боис тарихдаги иккинчи “Аляска” сценарийси бошланди. Чунки Панама каналининг якунламаган қурилиш ишларини АҚШга сотишга бўлган уринишлар кўп жиҳатдан бу воқеадан бир неча йиллар илгари Россия империясининг Аляскани Қўшма Штатларга сотиши билан боғлиқ сценарийсига жуда ўхшаш эди. Жумладан, Россия империяси ХIХ асрнинг иккинчи ярмида катта динамик тезлик билан дунё етакчисига айланиб бораётган АҚШга ташқи сиёсатда суяниш ва у билан алоқаларни нормаллашитирш умидида нақд 1,5 млн км2 ер майдонини арзон нархда сотишга мажбур бўлгани кўпчиликка сир эмас. Бу вазифа ўша пайтдаги Россиянинг АҚШдаги элчиси Эдуард Андреевич Стеклга юкланганди. У эса амалда Аляскани АҚШга сотиш режаси учун император Александр II томонидан танланган лобби эди. 1867 йилда мазкур олди-сотди ўз ниҳоясига етиб, Аляска арзимаган сумма эвазига – 7 миллион долларга АҚШ тасарруфига ўтказилди.

Панама канали атрофидаги савдо ҳам баъзи шарт-шароитларни ҳисобга олмаганда шаклан деярли шу кўринишда АҚШга сотилди. Бу ишни амалга ошириш учун ҳудди руслар каби Франция ҳукумати томонидан ҳам лобби ёлланди. У Лессепс бошчилигида муваффақиятсизликка учраган эски лойиҳада қатнашган муҳандислардан бири – Филипп-Жан Бунау-Варилья эди. Филипп ўз ишини АҚШ Конгрессидагиларни лойиҳа истиқболига ишонтиришдан бошлайди. Бир неча йил давом этган узлуксиз урунишлардан сўнг француз муҳандиси АҚШ қонунчиларини Никарагу орқали канал қуриш фикридан қайтариб, уларнинг бор эътиборини Панамадаги омадсиз лойиҳага буришга муваффақ бўлади. Филипп бунга Конгресс вакилларини Никарагуада хавфли вулқонлар борлиги ва у ерда канал қазиш катта таваккалчилик эканига ишотириш орқали эришди. Конгресс эса ниҳоят унга ишонди ва 1902 йилда Франциянинг активларини сотиб олишни маъқуллади. Аммо тез орада АҚШ олдида бу борада кутилмаган муаммо пайдо бўлди. Сабаби Панама 1821 йилда бошқа Лотин Америкаси мамлакатлари сингари испан мустамлакачилигидан халос бўлганига қарамай, бу пайтга келиб Колумбия таркибига қўшилганди. Колумбия эса канал қуриш лойиҳасини давом эттириш бўйича тузилган шартномани ратификация қилишдан бош тортди. АҚШ эса иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ўта муҳим саналадиган мазкур сув йўлини қуриш учун ҳамма нарсага тайёрлигини кўрсатди. Оқ уй буни амалга ошириш йўлида Колумбия учун оғриқли қарор қабул қилди. Бу эса дастлаб қўғирчоқ бўлсада, кейинчалик дунё харитасида яна бир мустақил давлат пайдо бўлишига олиб келди.

Канал баҳонасида тузилган “мустақил” Панама

АҚШ Колумбиядан канал қуриш сўрови юзасидан ижобий жавоб олмагач, унинг ҳудудий яхлитлигига тикланмас зарба берди. Оқ уй Колумбиядан мустақилликка эришмоқчи бўлган панамаликларни ҳар томонлама молиялаштирди. Панамадаги исёнчиларни Колумбияга қарши қўйиш ва бу орқали уни ажратиб олиш учун АҚШга нари-бери бир йил етарли бўлди. Қўшма Штатлар қўллови остида ҳаракат қилган исёнчилар 1903 йилнинг ноябрига келиб Панама устидан ўрнатилган Колумбия бошқарувини олиб ташлади. АҚШ Панамада қўғирчоқ ҳукумат тузди ва Панама “мустақил” давлат сифатида эълон қилинди. Шундан сўнг, бу ерда Қўшма Штатлар манфаатларига қаршилик қиладиган бирорта тўсиқ қолмади. У Панамада ўзига хос “карт бланш”га эга бўлди. Бу воқелардан кўп ўтмай АҚШ дарҳол ўзининг асосий миссиясига киришди. Канал қуриш бўйича ўртада шартнома имзоланиб, Қўшма Штатларга мазкур сув йўлини бунёд этиш учун 1300 км2 ҳудуд ажратилди. Шартномага кўра, ушбу ҳудуд абадий АҚШ протекторатига айланиши белгиланди. Шу тариқа 1904 йилдан бошлаб дунёндаги энг муҳим сув йўлларидан бирининг муваффақиятсиз тарзда бошланган қурилиш иши АҚШ томонидан давом эттирилди.

Мамлакат бу канал учун 375 миллион доллар ажратди. Бу маблағ ичидан 40 миллиони Франциянинг канал устидаги активларини сотиб олиш учун сарфланди. Бу орқали французлар лойиҳа учун кўкка сивурилган 260 миллион долларлик йўқотишни бироз бўлсада камайтиришга эришди. АҚШ эса ажратилган маблағдан Панамага 10 миллион доллар туҳфа қилди. Бундан ташқари, янги давлат ва ундаги “қўғирчоқ” ҳукумат учун канал даромадидан йиллик рента ҳам ваъда қилинди. Панама канали 10 йил давомида қуриб битказилди. 1914 йилда узунлиги 80 км бўлган мазкур сув йўли ишга туширилиб, дунё бўйлаб юк ташиш жараёнида туб бурилиш ясалди.

Панама канали кемаларни Жанубий Американинг энг чекка жанубий қисмлари, хусусан ўта хавфли ҳисобланадиган Кейп Ҳорн йўналишидан ўтиш каби жуда рискли жараёндан халос қилди. Аммо бу канални қуриб, ишга туширишгача бўлган вақтда дастлаб Франция, сўнг АҚШ томонидан жуда кўп инсонлар қурбон қилинди. Франция Лессепс бошчилигида иш бошлаб, кейинчалик касодга учраганча ўтган вақт давомида 20 минг ишчи бу жараёнда ҳалок бўлди. Бироқ лойиҳа АҚШга сотилгач, америкаликлар бу жараёндаги хавфларни максимал даражада минималлаштиришга ҳаракат қилди. Улар Франция йўл қўйган хатолардан хулоса қилиб, тиббий шароитларни имкон қадар яхшилайди, чивин урчийдиган жойларни қуритиш орқали санитарияни тартибга солади. Аммо шундай бўлишига қарамай, АҚШ ҳам 10 йил ичида 5600 нафар қурбон берди. Бу эса Панама канали умумий ҳисобда 25 мингдан зиёд инсоннинг ҳаётига зомин бўлганини англатади.

Каналнинг АҚШдан тортиб олиниши 

1900 йиллар бошида тузилган шартномага мувофиқ канал ва у жойлашган ерлар умрбодга АҚШга тегишли бўлиши қайд қилинганди. Аммо Панама канали ишга тушишидан кўп ўтмай, икки ўртада зиддиятлар келиб чиқа бошлайди. Ўз ерининг маълум қисмига бошқа бир мамлакат абадий эгалик қилиши ва ўз ҳудудида жойлашган каналдан тушадиган йиллик мўмайгина даромаднинг арзимаган қисмигина рента сифатида тўлаб турилишини панамаликлар бир кун келиб хушламай қолиши табиий эди.

Охири ўртадаги кичик-кичик келишмовчиликлар йиғилиб, йирик масштабдаги қўзғолонга айланиб кетди. Панамаликлар 1964 йилда канал ҳудудида ўрнатилган АҚШ байроғи ёнига Панама байроғини ҳам қадамоқчи бўлганда, Қўшма Штатлар уларнинг бу ҳаракатига тўсқинлик қилиб, қаршилик кўрсатади. Шундан сўнг маҳаллий аҳоли бунга нисбатан кескин норозилик билдириб, қўзғолон кўтарди. Бу воқеалар йирик сиёсий можарога ҳам олиб келиб, АҚШ ва Панама ўртасида дипломатик муносабатларнинг вақтинча тўхташига ҳам сабаб бўлди. Аммо 1977 йилда Президент Жимми Картер Панама билан муроса қилишни афзал кўрди ва канал ҳудудининг 60 фоизини 1979 йилда Панамага қайтариш кўзда тутилган шартномани имзолайди. Шундан сўнг, канални тўлақонли тарзда Панамага ўтказиш ишлари бошланди. Шартномадан кейинги йилларда канални бошқариш Панама канали комиссияси томонидан амалга оширилди. Дастлабки 10 йилликда бу комиссияга АҚШ бошчилик қилган бўлса, кейинги декадада комиссия Панамаликлардан ташкил топди. Шу тарзда аста-секинлик билан канал панамаликлар назоратига ўтиб, 1996 йилда канал ходимларининг 90 фозини маҳаллий аҳоли ташкил қиладиган бўлди. Якунда эса ўтиш даври жуда силлиқ кечди ва ушбу сув йўлининг 60 фоизи Панама ихтиёрига ўтганидан роппа-роса 30 йил ўтиб, 1999 йилда у бутунлай Панама ихтиёрига топширилди. 

Каналнинг бугунги потенциали ва Трамп тажовузи

Бугун Панама канали нафақат иқтисодий, балки Трамп каби тажовузкор раҳбарлар қўлида сиёсий инструментга айланиши ҳеч гап эмас. Чунки каналнинг потенциали айни дамда жуда юқори даражада. Бу сув йўлидан ҳар йили ўртача ҳисобда 13-14 минггача кема ўз қатновини амалга оширади. Ўтиш вақти эса 8 соатдан 10 соатгача чўзилиши мумкин. Каналдан фойдаланувчи давлатлар асосан АҚШ, Хитой, Чили, Япония, Колумбия ва Жанубий Корея кабилардир.

Трамп учун каналга эгалик қилиш иккинчи муддатга сайлангандан буён унинг севимли таҳдид риторикасига айланган “тарифларни ошириш” деб номланган услубини қўллаш имконини беради. Яъни у каналдан ўтувчи Хитой кемаларига транзит тўловини бир неча баробарга ошириш билан қўрқитиш имкони учун ҳам курашаётган бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Чунки Панама каналида ҳар бир транзит учун табиийки маълум миқдорда бож тўланади ва бу сумма кема ҳажми ҳамда юк миқдорига қараб ҳар хил кўриниш олади. Масалан, катта кемалар учун белгиланган транзит тўлови 450 минг АҚШ доллари. Каналнинг йиллик даромади 5 миллиард доллар атрофида ва бу кўрсаткич Сувайш канали даромадининг ярмини ташкил қилади. Сувайш ўз жойлашувига кўра, уч қитъа орасида, шунингдек, ер шаридаги энг қизғин нуқта – Евроосиё материгида ястангани инобатга олинса, олис океан ортидаги Панама канали учун 5 миллиардлик даромад ҳаддан зиёд яхши кўрсаткич дейиш мумкин. Бу даражага чиқиш учун Панама каналида кўп йиллик реконструкция ва кенгайтириш ишларини амалга оширилди. Хусусан, 2007 йилда бошланиб, 2016 йилда якунига етказилган кенгайтириш ишлари туфайли каналнинг юк ташиш кемаларини қабул қилиш ва ўтказиш салойиҳати икки баробарга ошди. Шу ва бошқа сабаблар туфайли Панама канали ўзининг иккинчи мандатини таҳдид ва ҳудудий даволар билан бошлаган Трамп учун жозибадор бўлиб кўринаётган бўлиши мумкин. У бу канални қўлга киритишда ҳатто ҳарбий кучдан фойдаланиш эҳтимолини ҳам рад қилмагани эса кўпчиликни ўйга толдирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Панама Панама канали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг