Дания Гренландия масаласида АҚШ билан боғланди
Олам
−
19:31
2771Дания ҳукумати АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп атрофидагиларга Даниянинг ўзини-ўзи бошқарадиган ҳудуди – Гренландия хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган музокаралар ўтказиш бўйича махфий таклифлар юборди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Axios” хабар берди.
Манбаларга кўра, Дания сўнгги кунларда Трамп жамоасига махфий хабарлар жўнатиб, Гренландияда хавфсизлик чораларини кучайтириш ёки оролда АҚШ ҳарбий иштирокини ошириш истагини билдирган.
“Копенгаген Гренландия келажаги бўйича жамоатчилик муҳокамасидан қочмоқчи”, дейди манбалар.
Қайд этилишича, Дания ҳукумати Трамп жамоасидан АҚШнинг сайланган президенти оролни Қўшма Штатларга қўшиб олиш истаги ҳақидаги сўзлари билан айнан нимани назарда тутганига аниқлик киритмоқчи.
Шунингдек, Дания расмийлари Трампни Гренландия мамлакатнинг бир қисмига айланмасдан туриб, унинг АҚШ хавфсизлик эҳтиёжларини қондира олишига ишонтирмоқчи. Манбаларга кўра, Дания томони Трамп жамоасига йўллаган хабарларида Гренландияни сотишнинг иложи йўқлигини таъкидлаган, бироқ АҚШ билан орол бўйича уларнинг ҳар қандай илтимосини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган.
Европалик дипломатлардан бири нашрга берган интервьюсида Дания Қўшма Штатларнинг Европа Иттифоқидаги энг яқин иттифоқчиларидан бири ҳисоблангани, шунинг учун Трампнинг изоҳлари кутилмаган бўлганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Данияни Гренландияни АҚШга беришга чақирган эди. Агар орол АҚШга қўшилса, сайланган президент уни “яна буюк қилиш”га ваъда берган. Шундан сўнг, Дания қироли Фредерик Х мамлакат гербини ўзгартириб, Гренландия ва Фарер оролларини англатувчи тимсолларни янада кўринарли қилиб кўрсатган. Орол бош вазири Муте Эгеде эса Дания Бош вазири Метте Фредериксен билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида Гренландия Дания қироллиги ёки Америка Қўшма Штатларига тегишли бўлмаслиги кераклигини айтган эди.