Байденнинг қарори 1 ҳафта ҳам “яшамади”. Трамп уни бекор қилди
Олам
−
21 Январь
11661АҚШ Президенти Дональд Трамп инаугурациядан сўнг дарҳол Кубани терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига қайтарди. Бу ҳақда Оқ уй хабар берди.
Бир ҳафта олдин собиқ президент Жо Байден Кубани ушбу рўйхатдан олиб ташлаганди. Трампнинг Кубага нисбатан ҳаракатлари кутилган эди. “Politico” нашрининг ёзишича, янги маъмуриятнинг ушбу қарори Трампнинг биринчи президентлик муддатига хос бўлган душманлик позицияси қайтганини кўрсатади. Шунингдек, Вашингтон Трампнинг биринчи президентлик даврида яратилган “чекланган ташкилотлар” рўйхатини тиклагани хабар қилинган. У ерга киритилган кубалик компанияларнинг аксарияти мамлакат ҳукумати билан алоқаси бор, АҚШ қонунчилигига кўра уларнинг маълум молиявий операциялар билан шуғулланиши тақиқланган.
Куба Президенти Мигель Диас-Канель АҚШ раҳбарининг бу ҳаракатини “такаббурлик ва ҳақиқатни менсимаслик” деб атади ва “халқимизнинг қонуний ва эзгу мақсади ғалаба қозонади ва биз яна муваффақиятга эришамиз”, деди.
14 январь куни Оқ уйни тарк этишидан олдин АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден Кубани терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқариб ташлаганди ва ўз баёнотида мамлакатда ҳукумат сўнгги олти ой давомида терроризмни қўллаб-қувватлаётгани кузатилмаганини таъкидлаганди. Ватикан ёрдами билан келишувга эришилди. Куба томони бунга жавобан 553 нафар сиёсий маҳбусни озод қилишга ваъда берди.
Ушбу рўйхатдаги давлатлар АҚШдан иқтисодий ёрдам ва қурол-яроғ етказиб олиш ҳуқуқига эга эмас. Рўйхатда Эрон, Сурия ва Шимолий Корея ҳам бор.
Америка Қўшма Штатлари 1961 йилда инқилоб натижасида оролдаги Америка мулки миллийлаштирилгач, Куба билан дипломатик муносабатларни узди. 2015 йилда собиқ президент Барак Обама 1982 йилда Кубани терроризм ҳомийлари рўйхатидан чиқариб ташлади ва олти йилдан кейин Дональд Трамп уни яна рўйхатга қўшиб қўйди. Кейин Трамп Куба Венесуэла Президенти Николас Мадурони қўллаб-қувватлашини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп собиқ Жо Байден маъмурияти томонидан Ғарбий Соҳилдаги исроиллик кўчманчиларга қарши жорий этилган санкциялар буйруғини бекор қилди.
LiveБарчаси