Трамп Ғазога қўшин киритмоқчи

Олам

image

Яқин Шарқ мамлакатлари ва бошқа иттифоқчилар ҲАМАС ҳаракати вакилларини жиловлаб қўйиш учун Ғазо ҳудудига қўшин киритишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди.

Оқ уй раҳбарига кўра, Яқин Шарқ ва унинг атрофидаги “ҳозирда буюк иттифоқчиларга айланган” бир қатор давлатлар, унинг сўровига биноан, зарурат туғилганда Ғазо секторига кучли қўшин билан кириб, “ҲАМАСни жиловлашга” тайёр эканликларини билдирган.

Трампнинг айтишича, бу давлатлар катта иштиёқ билан ёрдам таклиф қилган. Шунга қарамай, Трамп уларни ва Исроилни ҳозирча кутишга чақирганини қайд этган. 

“Мен бу давлатларга ва Исроилга “Ҳозир эмас!” дедим. Ҳали ҲАМАС тўғри йўлни танлаши мумкин деган умид бор”, дея қўшимча қилган АҚШ Президенти. 

Трампнинг огоҳлантиришича, агар ҲАМАС “келишувни бузишда давом этса”, унга қарши жавоб “тез, шиддатли ва шафқатсиз” бўлиши мумкин.

У, шунингдек, Яқин Шарқдаги барча ёрдам таклиф қилган давлатларга миннатдорлик билдирган. 

Маълумот учун, Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув 10 октябрда кучга кирган эди. Томонлар бир-бирини бир неча бор уни бузишда айблаган.

13 октябрь куни АҚШ, Миср, Туркия ва Қатар етакчилари Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушни тўхтатиш бўйича воситачилик қилган ҳолда, келишувни имзолади. АҚШ Президенти Дональд Трамп Яқин Шарқда “барқарор тинчлик”ка эришилганини таъкидлаган. Унинг режаси можарони ҳал этиш учун асосий сценарий сифатида белгиланган. 

Эслатиб ўтамиз, бу АҚШ Президентининг ҲАМАС вакилларига илк бор таҳдид қилиши эмас. Аввалроқ, у Агар ҲАМАС Ғазо секторида одамларни ўлдиришда давом этса, уларнинг барчаси йўқ қилиниши ҳақида гапирганди. Трамп ўшанда ҳам баъзи кучлар Ғазо ичига киришини инкор қилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг