Трамп АҚШ ракеталари билан Россияга зарба берилишига қарши чиқди
Олам
−
15:18
3180АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп АҚШнинг Россия ҳудудига узоқ масофали ракета ҳужумларини уюштиришига қатъий қарши чиқди. Бу ҳақда у “Time” журналига берган интервьюсида маълум қилган.
“Россияга юзлаб ракеталарни учиришга мутлақо қўшилмайман”, деган Трамп.
Шунингдек, у Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда Америка ёрдамидан Россияга қарши восита сифатида фойдаланишини айтган.
“Биз шунчаки бу урушни кучайтирмоқдамиз ва уни янада ёмонлаштиряпмиз”, деган у.
Сайлов пойгаси чоғида Трамп Россиянинг Украина билан урушини “24 соат ичида” тугатишга ваъда берган эди. Бироқ журналистлар билан суҳбатда сиёсатчи тинчлик ўрнатиш у ўйлаганидан кўра қийинроқ бўлишини тан олган, лекин интервью давомида Трамп қайта-қайта такрорлаб келаётган келишув яқинда амалга оширилишини ҳам эслатиб ўтган.
“Мен келишувга эришмоқчиман ва бунинг ягона йўли – рад этмаслик”, деган Трамп
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Бош вазири Дональд Туск Украина бўйича тинчлик музокаралари шу қишда бошланиши мумкинлигини айтганди.
19 ноябрь куни эрталаб Украина Қуролли кучлари Брянск вилояти Карачев шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар омборига АҚШнинг ATACMS ракеталари ёрдамида зарба берганди. Бу билан Украина Россиядаги нишонларга нисбатан биринчи марта узоқ масофали Америка ракеталарини қўллади. 20 ноябрда эса Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги нишонга биринчи марта Британиянинг Storm Shadow ракеталарини отгани хабар қилинди.
21 ноябрь куни Россия ўзининг ўрта масофали “Орешник” баллистик ракетасини Украинадаги объектга қарата учирди. 25 ноябрь куни Украина Курск вилоятига ATACMS ракеталари билан ҳужум уюштирди.
LiveБарчаси