Трамп яна Нобелдан қуруқ қолди. Мукофот африкалик аёлга насиб этди

Бу қизиқ

−

image

Юрист, Руанда бўйича Халқаро жиноий трибуналнинг собиқ раиси, 2008-2014 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бўлиб ишлаган Наванетхем (“Нави”) Пиллэй 2026 йилги Нобель тинчлик мукофоти лауреати бўлди. Бу ҳақда Ослодаги Норвегия Нобель қўмитаси эълон қилди.

Мукофот унга “тинчлик ва халқаро ҳуқуқни тарғиб қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун” берилди.

Маълумот учун, Нави Пиллэй – Жанубий Африка Республикасида туғилган ҳинд миллатига мансуб ҳуқуқшунос. Мамлакатдаги ҳуқуқшунослик амалиёти йилларида у апартҳейдга қарши курашчиларни ҳимоя қилган, апартҳейд даври ҳукуматининг қийноқлари ва қатағон чораларини фош этган. У ЖАР Олий судидаги биринчи “оқ танли бўлмаган” аёлга айланди. 2003-2008 йилларда Халқаро жиноий суд (ХЖС) судьяси бўлиб ишлаган.

Бу йил тинчлик мукофотига 287 та номзод – 208 нафар шахс ва 79 та ташкилот илгари сурилган эди. Қўмита уларнинг исмларини ошкор этмайди: номзодлар ва муҳокамалар ҳақидаги маълумотлар 50 йил давомида сир сақланади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Тинчлик бўйича Нобель мукофоти Венесуэлада мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадога берилган эди. У эса мукофотни Оқ уйда ўтказилган қабул маросими чоғида АҚШ Президенти Дональд Трампга топширди. Трампнинг ўзи эса ўтган йил давомида ўзи бир нечта урушларни тўхтатганини айтиб, Нобель мукофотига даъвогарлик қилган эди. 

Нобель ҳафталиги

Жорий йилнинг, 5 октябрь куни 2026 йилги Нобель мукофотлари лауреатларини эълон қилиш ҳафталиги бошланди. Ҳафталик жадвали қуйидагича:

  • Физиология ва тиббиёт – душанба, 5 октябрь;
  • Физика – сешанба, 6 октябрь;
  • Кимё – чоршанба, 7 октябрь;
  • Адабиёт – пайшанба, 8 октябрь;
  • Тинчлик мукофоти – жума, 9 октябрь;
  • Иқтисодиёт фанлари – душанба, 12 октябрь.

Ҳаммаси қандай бошланган эди?

Ихтирочи, тадбиркор ва бизнесмен Альфред Нобель ўз васиятида капиталини инсониятга энг катта наф келтирганлар учун мукофотларга йўналтиришни буюрган эди. Мукофот билан у энг кўп қизиққан соҳалар: физика, кимё, физиология ва тиббиёт, адабиёт ва тинчлик йўналишидаги алоҳида ютуқлар эътироф этилар эди.

Кейинчалик ушбу ғояни амалга ошириш бўйича узоқ муддатли ишлар бошланди ва 1901 йилдаёқ дастлабки Нобель мукофотлари топширилди. 1969 йилда яна бир мукофот – Швеция марказий банки томонидан ўзининг уч юз йиллик юбилейи муносабати билан таъсис этилган Альфред Нобель хотирасига бағишланган иқтисодиёт фанлари бўйича мукофот пайдо бўлди. Янги лауреатларнинг номлари ҳар йили октябрь ойида эълон қилинади.

Нобель жамғармаси уставига кўра, ҳар бир лауреат олтин медаль олади. Унинг олди томонида Альфред Нобель портрети зарб қилинган бўлиб, орқа томонининг дизайни мукофотни айнан қайси муассаса топширишига боғлиқ.

Ҳар бир диплом бетакрор санъат асари – унинг безатилишини лауреат ташкилотлар тасдиқлайди. Адабиёт соҳасидаги ҳужжат пергаментда (махсус ишлов берилган чармда) ўрта аср иллюстраторлари техникасидан фойдаланган ҳолда яратилади. Бошқа лауреатлар учун дипломлар буюртма асосида тайёрланган қўл иши қоғозида чоп этилади.

Бугунги кунда битта Нобель мукофотининг миқдори 12 миллион швед кронасига (1,2 млн доллар) тенг. Мукофот кўпи билан учта лауреат ўртасида бўлиниши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг