Тожикистондан наркотик олиб келган шахслар ушланди

3-саҳифа

image

Россия, Тожикистон ва Қирғизистондан олиб келинган наркотик моддалар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 1995 йилда туғилган Тожикистон Республикаси фуқароси Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1992 ва 2005 йилларда туғилган 2 нафар шахс билан ўзаро тил бириктирган. Улар Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига айланма йўллар орқали 20 кг 749 гр опий моддасини олиб ўтган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Россиядан Қозоғистон Республикаси орқали Ўзбекистонга кириш учун “Довут-ота” чегара-божхона постига келган вақтида, Бухоро вилоятининг Пешку туманида яшовчи 37 ёшли шахс бошқарувидаги LADA Largus русумли автотранспорт воситаси ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ўрнатилган тартибда текширувдан ўтказилган. Натижада унда Москва шаҳридан олиб келинаётган 2 дона овоз чиқариш колонкаси ичига яшириб қўйилган 18 кг 97 гр “Мефедрон” синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув давомида, у ўзининг шахсий автомашинасида “Ўзбекистон-Россия-Ўзбекистон” йўналишида фуқароларни ташиш билан шуғулланиши маълум бўлди.

ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона туманида истиқомат қилувчи, 1981 йилда туғилган муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ва 1995 йилда туғилган муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган фуқаро ўзаро тил бириктириб, Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган 56000 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини яшаш хонадонларига яшириб қўйганликлари фош этилди.

Мазкур хонадонни кўздан кечириш жараёнида қўшимча 6780 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги ҳам маълум бўлди.

Шунингдек, ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам божхона органлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида тезкор тадбир ўтказган.

Натижада Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида доимий яшовчи, 1985 йилда туғилган муқаддам судланган фуқаронинг Nexia русумли автотранспорт воситаси ва унинг Яккасарой туманидаги ижарага олган хонадони кўздан кечирилганда, жами 43666 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу дори воситалари ҳам Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

наркотик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг