Тожикистон мамлакатда Хитой ҳарбий база қураётгани ҳақидаги хабарларни рад этди
Олам
−
09 Август
3283Тожикистоннинг Тоғли Бадаҳшон мухтор вилоятида Хитой иштирокида хавфсизлик кучлари базаси қурилаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда кеча, 8 август куни Тожикистон Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Абдураҳмон Аламшозода маълум қилди.
Ҳарбий база қурилиши ҳақидаги хабарлар бир неча бор ОАВ да пайдо бўлган.
“Reuters” Тожикистон парламенти вакилига таяниб, 2021 йилда Душанбе ва Пекин Хитойнинг ушбу мамлакатда Тоғли Бадаҳшондаги Афғонистон билан чегарасида база қуриш бўйича келишувга эришганини хабар қилганди.
“Bloomberg” берган хабарга кўра, база қурилиши Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги томонидан молиялаштирилиши, сўнгра у Тожикистон Ички ишлар вазирлигига ўтказилиши керак эди. Ўшанда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг Марказий Осиёда ҳеч қандай ҳарбий базаси йўқлигини маълум қилганди.
2024 йил июль ойида Британиянинг “The Daily Telegraph” газетаси ҳам Хитойнинг Тожикистонда Афғонистон билан чегарада ҳарбий база қуриши ҳақида хабар берган эди. Хитой ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари бу маълумотни рад этди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бу масала Душанбе ва Пекин муносабатларининг кун тартибида бўлмагани ва йўқлигини маълум қилганди.
“Хитойнинг қандайдир базага эга эканлиги ҳақидаги маълумотларга келсак, биз Тоғли Бадаҳшонда ҳеч қандай база ёки марказ қурмаяпмиз”, деди Абдураҳмон Аламшозода.
Зумрад Зарипова
LiveБарчаси