Тожикистон дунёнинг энг хавфсиз давлати деб топилди
Олам
−
08 Ноябрь 2023
11965Американинг Gallup жамоатчилик фикри институти Тожикистонни дунёнинг энг хавфсиз давлати деб топди. Бу ҳақда институт сайтида маълум қилинди.
2022 йилда 141 мамлакатда ўтказилган тадқиқотда жиноятчилик даражаси ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига ишончни аниқлаш мақсадида 146 мингдан ортиқ киши (ҳар бир мамлакатда бир минг киши) орасида сўровнома ўтказилган.
Рейтингда 96 балл билан Тожикистон Финляндия ва Исландия каби давлатларни ҳам ортда қолдирган.
Қайд этилишича, сўровда қатнашган тожикистонликларнинг аксарияти маҳаллий полицияга ишонч билдирган ва тунги сайрларда ўзларини ҳеч қандай хавф-хатар сезмаганликларини айтган.
Бу натижалар жуда кутилмаган бўлди, чунки Тожикистон биринчи марта рейтингда етакчи ўринни эгаллаб, аввалги рейтингда етакчилик қилган Сингапурни сиқиб чиқарди.
Айни пайтда, сўровда қатнашган фуқаролар қандай қилиб танлаб олингани ва уларга қандай саволлар берилгани маълум эмас.
Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон ҳам аҳоли ҳуқуқ-тартибот идораларига ишонадиган давлатлар рўйхатига кирган. У Тожикистондан 6 балл кам – 90 балл олган.
Рейтингнинг сўнгги ўрнида 49 очко тўплаган Либерия жойлашган.
Дунё миқёсида респондентларнинг 71 фоизи 2022 йилда ўз ҳудудларида тунда ўзини хавфсиз ҳис қилишини, 72 фоизи эса маҳаллий полицияга ишонишини билдирган. Шу билан бирга, ўтган йили ҳар саккиз кишидан бири мулкни ўғирлаш, ҳар ўн олти нафардан бири эса тажовуз ёки талон-тарожга учрагани қайд этилган.
LiveБарчаси