Тожикистон ҳам электрон сигаретларни тақиқламоқчи

Олам

image

Тожикистонда миллат генофондини ҳимоя қилиш ва электрон сигареталардан фойдаланиш оқибатидаги салбий таъсирларнинг олдини олиш мақсадида электрон сигареталардан (вейплардан) фойдаланиш, уларни ишлаб чиқариш ва муомалага чиқариш тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда Тожикистон парламентининг юқори палатаси спикери Рустам Имомали ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Рустам Имомали Тожикистонда электрон сигареталардан (вейплардан) фойдаланиш, уларни ишлаб чиқариш ва муомалага чиқаришни қонуний тақиқлаш бўйича тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқишни топширган.

Қайд этилишича, ушбу қарор миллат генофондини ва аҳоли саломатлигини, энг аввало ўсмирлар ва ёшларни ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.

“Муҳокама жараёнида электрон сигаретлардан (вейплардан) фаол фойдаланиш нафас йўллари, юрак-қон томир тизими ва ўпканинг оғир касалликларига, жумладан онкологик хасталикларга олиб келиши мумкинлиги тиббиёт мутахассисларининг хулосалари билан тасдиқлангани таъкидланди”, дейилади хабарда.

Парламент юқори палатаси раиси электрон сигареталарнинг кенг тарқалишини чеклаш ва фуқаролар саломатлиги учун хавфларни камайтириш мақсадида қонунчилик чораларини имкон қадар тезроқ қабул қилиш зарурлигини алоҳида урғулаган.

Қўшни мамлакатларда вазият қандай?

Марказий Осиёдаги аксарият давлатлар электрон сигаретларга нисбатан аллақачон тўлиқ тақиқ жорий этган.

Хусусан, Қирғизистонда жорий йил 1 июлдан бошлаб никотинли вейпларни ҳам ўз ичига олган ҳолда электрон сигареталарни олиб кириш, сотиш ва ишлатиш тўлиқ тақиқланган. Қонунни бузган жисмоний ва юридик шахсларга катта миқдорда жарима белгиланган. Ўзбекистонда жорий йил 27 ноябрдан электрон сигареталар (вейплар) ва улар учун суюқликлар муомаласи тўлиқ тақиқланган. Бу харид қилиш, сақлаш, ташиш ва импорт-экспортни ҳам қамраб олади. Қоидабузарликлар учун катта жарималар ва айрим ҳолатларда бир неча йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Қозоғистонда 2024-2025 йиллардан бошлаб электрон сигареталар, вейплар ва уларга мўлжалланган суюқликларни сотиш, тарқатиш ва импорт қилиш тақиқланган бўлиб, маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилади. Туркманистонда эса электрон сигареталар узоқ вақтдан бери тўлиқ тақиқланган – бу мамлакатнинг жуда қатъий антиникотин сиёсатининг бир қисми ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон электрон сигарет

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг