Тожик-қирғиз можароси: томонлар ўт очишни тўхтатишга келишди

Олам

image
Қирғизлар ва тожиклар нимани бўлишолмаяпти? Бишкекда намойиш бошланди north_east

Қирғизлар ва тожиклар нимани бўлишолмаяпти? Бишкекда намойиш бошланди

Жорий йилнинг 28-29 апрель кунларида қирғиз-тожик чегарасида рўй берган ҳодисалар муносабати билан Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Қозоқбоев ва Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ҳамда бошқа вакиллар иштирокида музокара ўтказилди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди

Маълум қилнишича, томонлар маҳаллий вақт билан соат 20:00дан (Тошкент вақти билан соат 21:00) ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий кучларни аввалги жойларига қайтариш бўйича келишувга эришган.

Ўз ўрнида, Қирғизистон томони “бегона ҳудудларга даъво қилмаслигини ва ўз ерларини ҳеч ким билан бўлишмаслигини” таъкидлаган. 

“Шу нуқтаи назардан, вазир Руслан Қозоқбоев барча чегара ва иқтисодий масалалар қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациялари доирасида, юқори даражадаги вакиллар иштирокида музокара столида ҳал қилиниши кераклигини таъкидлади”, дейилади Қирғизистон ТИВ хабарида. 

Қирғизистон томони икки давлат ўртасида, айниқса чегара ҳудудида ишончни мустаҳкамлаш, чегараолди ҳудудларида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича чоралар кўриш ва маҳаллий аҳоли ўртасида зиддиятларни оширишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларни тўхтатиш муҳимлигини таъкидлаган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.

Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.

Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

130

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг