“Тошшаҳартрансхизмат” биносида ёнғин чиқди (видео)
Жамият
−
21 Сентябрь 2023
4624Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти (АЖ) биносида ёнғин содир бўлаётгани тасвирланган видеолар тарқалди. QALAMPIR.UZ мазкур ҳолат юзасидан Транспорт вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи Наврўз Ашурматов билан боғланди.
Ашурматовнинг билдиришича, ҳозирда шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ёнғинни бартаф қилиш чораларини кўрмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса бинонинг АЖга тегишли бўлмаган қисмида, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган хоналардан бирида юз берган.
“Ҳозирда бино ичида бўлган барча ишчи ходимлар ва фуқаролар эвакуация қилинган. Бино тўлиқ “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга қарашли эмас, ушбу ёнғин қурилиш ишлари олиб борилаётган бошқа бўлимда содир бўлмоқда. Мендаги маълумотларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган ва айни вақтда унинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда”, дейди Наврўз Ашурматов.
Воқеа жойига етиб борган QALAMPIR.UZ мухбирининг хабар беришича, ёнғинни бартараф этиш учун 4 та ёнғин қутқарув экипажлари ва тез-тиббий ёрдам жалб қилинган. Ҳозирда офат деярли қуршаб олинган. Ёнғин содир бўлаётган ҳудудга Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳам етиб борган.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот котиби Муслима Обидованинг маълум қилишича, ушбу ҳодиса бинонинг банк офиси учун ижарага берилган қисмида содир бўлган.
“Ёнғин бутун бинода эмас, балки унинг бир қисмида содир бўлган. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган банк офисидаги пайвандлаш жараёнида алюкобонд қоплама ғилофидан тутун чиққан. Шу сабабли бинонинг ўнг тарафдаги қисми бироз тутаган. Ушбу ҳодиса 14:40 да содир бўлган, ёнғин-қутқарув ходимлари 14:44 да етиб келиб, хавф тўлиқ бартараф этилди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, етказилган зарар миқдори ҳисобланмоқда”, дейди у.