Тошкентда янги университет ташкил этилади

Жамият

image

Кеча, 11 сентябрь куни Президентнинг “Тошкент шаҳрида “ToshTech” техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги 274-сонли қарори қабул қилинди. 

Қарорга кўра, мазкур университет академик, молиявий ва ташкилий-бошқарув соҳаларида мустақил ҳисобланади. 2025-2026 ўқув йилидан давлат бюджетидан молиялаштириладиган 1 йиллик тайёрлов курси жорий этилади.

2026-2027 ўқув йилидан бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таълим жараёни йўлга қўйилади. 2027-2028 ўқув йилидан босқичма-босқич магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичлари жорий этилади.

Университетда таълим жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида давлат ва хорижий тилларда амалга оширилади. 2029-2030 ўқув йилигача ўқишга қабул қилинган талабалар эса тўлиқ давлат гранти асосида ўқитилади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2024-2025 ўқув йили бошига келиб фаолият юритаётган олий таълим ташкилотлари сони 222 тага етди.

Унга кўра, мазкур кўрсаткич 2015-2016-ўқув йилига нисбатан 153 тага кўпайган бўлиб, сўнгги ўн йилда олий таълим муассасалари сони қарийб 3,2 баробарга ошган.

2015 йилда 69 та олий таълим муассасаси мавжуд бўлган бўлса, кейинги йилларда бу рақам изчил ортиб борган. Хусусан, 2018 йилда уларнинг сони 98 тага, 2022 йилда эса 191 тага етган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 222 тани ташкил этган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институти тугатилиб, уларнинг ўрнига янги Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент ToshTech

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг