Тошкентда велосипед “овчи”си 5 йилдан ортиқ муддатга қамалди
3-саҳифа
−
20 Ноябрь
4176Тошкент шаҳрида 8 кун ичида 8 та велосипед ўғирлаган шахс 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Қайд этилишича, 23 ёшли А.Х. муқаддам ҳам ўғрилик учун судланган. Бироқ у ўзига тегишли хулоса чиқармаган. А.Х. жорий йилнинг 27 май куни тахминан 16:30 ларда Тошкент шаҳар Миробод тумани Афросиёб кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг йўлагига кириб, қаровсиз қолдирилган велосипедни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган ва велосипед эгасига 7 622 808 сўм миқдорда моддий зарар етказган. Ўша куни А.Х. ярим тунда Яккасарой тумани Бобур кўчасидаги хонадонларнинг бирининг олдидан 2 млн сўмлик велосипедни яширинча ўғирлаб кетган.
Велосипед “ови”га чиққан А.Х. 28 май куни ҳам Сафдош кўчасидаги хонадон олдида турган Ф.Х.га тегишли 1 млн 900 минг сўмлик велосипедга ўтириб, жуфтакни ростлаган. А.Х. Кичик Бешёғоч кўчасида қаровсиз қолдирилган С.Ф.га тегишли баҳоси 2 млн 400 минг сўмлик велосипедга ҳам “эгалик” қилган.
Шунингдек, у 29 майга ўтар кечаси Чилонзор тумани Чарх Камолон кўчасида қаровсиз қолдирилган велосипедни миниб ортга қайтган. Бундан ташқари, у 30 май куни Шота Руставели кўчасидаги хонадонлардан бирининг олдидаги болалар майдончасида трос билан боғлиқ турган 1 млн сўмлик велосипедни ўғирлаган. А.Х. жиноий фаолиятини яна давом эттириб, 1 июнь куни Космонавтлар метро бекатига кириш йўлагида турган М.Э.га тегишли 1 млн 500 минг сўмлик велосипедни ҳам ўғирлаб кетган. У ишини 3 июнь куни ҳам давом эттирган ва 1 млн 500 минг сўмлик велосипедни ўмарган.
У кўп ўтмай ушланган. Суд мажлисида судланувчи А.Х. айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. Ўғирлаган велосипедларни номаълум шахсларга сотиб, пулни шахсий эҳтиёжларига сарфлаганини тан олган. Оқибатда А.Х. суд ҳукми билан 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида хонадоннинг ертўласига тушиб, жабрланувчига тегишли бўлган сув насосини ўғирлаб кетган ва уни сотиб, тушган пулларни ўз эҳтиёжи йўлида ишлатиб юборган эркак 6 йилга қамалганди.