Фарғонада “шифохона ўғриси” ушланди (видео)
3-саҳифа
−
13:12 4117 2 дақиқа
Фарғона вилоятидаги шифохоналарда даволанаётган фуқароларнинг пуллари ва тилла тақинчоқларини ўғирлаган 46 ёшли аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 1980 йилда туғилган, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи аёл Фарғона вилоятида бир неча бор ўғрилик жиноятини содир этган.
Жумладан, Фарғона шаҳри “Ибрат” маҳалласидаги клиникалардан бирида даволанаётган Риштон туманида яшовчи фуқаронинг палатасига қонуний равишда кириб, унинг сумкасидан 300 АҚШ доллари, 34 миллион 800 минг сўм нақд пул ҳамда қиймати 51 миллион 300 минг сўмлик тилла тақинчоқларни яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан чиқиб кетган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув тадбирлари давомида гумонланувчининг шахси аниқланиб, у ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Аниқланишича, мазкур аёл илгари ҳам ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари учун бир неча маротаба судланган бўлишига қарамай, яна шу турдаги жиноятларга алоқадор бўлиб чиққан.
Шунингдек, тергов давомида у 2024 йил 3 июль куни Қўқон шаҳридаги Туркистон кўчасида жойлашган болалар шифохонасида, шунингдек 13 июль куни Фарғона тумани “Янги аср” маҳалласидаги Эндокринология марказида даволанаётган беморларнинг хоналарига кириб, уларнинг пулларини яширин равишда ўғирлагани ҳам аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари Фарғона вилояти ИИБнинг мулкий жиноятларга қарши кураш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги офисларнинг биридан 880 миллион сўмни ўғирлаб кетган шахс қўлга олинган эди.
Live
Барчаси