Тошкентда одам органлари олди-сотдиси билан шуғулланган эр-хотин ушланди (видео)
3-саҳифа
−
11:12 4860 1 дақиқа
Тошкент шаҳрида инсон аъзолари ва тўқималарни олди-сотдиси билан шуғулланувчи шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, муқаддам Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 2-қисми билан судланган, 1989 йилда туғилган фуқаро турмуш ўртоғи билан биргаликда ўзаро жиноий тил бириктириб, осон пул топиш мақсадида инсонларда раҳм уйғотувчи видеолар тайёрлаб, интернет саҳифаларига жойлаб борган.
Олиб борилган тезкор тадбир натижасида эркак ижтимоий тармоқлар орқали инсон аъзолари ва тўқималарининг ноқонуний олди-сотдиси билан доимий равишда шуғулланиб келаётгани, мижозлар ўзларини операция қилиш учун Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳридаги Истиқлол клиникасига олиб бораётганлиги маълум бўлган. У ўзига ҳам буйрак кўчириш операциясини амалга оширган ва унга бу ишларни амалга оширишда ёрдам берганлар ҳам фош этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 133-моддаси (инсоннинг трансплантация қилинадиган аъзоларини ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш), 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Александровская шифохонаси ўликхона бошлиғи Андрей Каветский марҳумларнинг жасадларини ва тана қисмларини ноқонуний равишда хусусий компанияга сотганликда гумон қилиниб, ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси