Тошкент марказида қурилаётган уйда ёнғин чиқди
Жамият
−
13 Июль 2019
4189Кеча, 12 июль куни тунда Тошкент шаҳри, Миробод туманида қурилаётган янги уйлардан бирида йирик ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, соат 22:31да, Миробод тумани, Миробод кўчасида янги қурилаётган уйнинг том қисмида ёғочли қурилиш хавозалари (строительные леса) 60 кв метр майдонда ёнган. Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 22:36 да етиб борган.
Кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 23:10да қуршаб олиниб, соат 23:38да бартараф этилган. Ёнғин пайвандлаш ишларини олиб боришда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузилиши оқибатида содир бўлган деб, таҳмин қилинмоқда. Ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Ёнғин жойига 8 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган.
Содир бўлган ёнғинда инсонларни ҳалок бўлиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмади.