Тошкентда мактаб ўқувчиси ЙТҲ қурбони бўлди
3-саҳифа
−
29 Октябрь 2020
6821Тошкентда юз берган йўл-транспорт ҳодисасида вояга етмаган мактаб ўқувчиси қурбон бўлди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалида хабар берилди. Бола пиёдалар йўлагини кесиб ўтаётган вақтда уни катта тезликда келаётган “Жигули” автомобили уриб юборган.
Йўл-транспорт ҳодисаси пойтахтнинг Яккасарой тумани, Глинка кўчасидаги 118-умумий ўрта таълим мактаби ёнгинасида содир бўлган. Ушбу воқеа кўчага ўрнатилган кузатув камераларига қайд этилган.
Пиёдалар йўлини кесиб ўтишга уринган болакайни ЙТҲга гувоҳ бўлганлар зудлик билан шифохонага олиб боришган, бироқ кўрсатилган муолажалар фойда бермай, болакай вафот этган.
Йўл патруль хизмати ходимларининг маълум қилишича, ушбу ҳудудда мактаб жойлашгани боис, автомобиллар қатнов қисмига алоҳида йўл белгиси ўрнатилган бўлиб, унга кўра бу ҳудудда эрталаб соат 07:30 дан 18:00 қадар соатига 50 км тезликкача ҳаракатланиш мумкин. Аҳоли ушбу йўлни хавфсиз кесиб ўтиши учун, пиёдалар йўлакчаси оқ ва сариқ рангда бўялган.
Бу ерда ўқувчиларнинг йўлдан кесиб ўтиши учун турли йўл ҳаракати белгилари қўйилган бўлиб ҳар қандай ҳайдовчини огоҳликка чақиради. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Динара Юсупова