Тошкентда коронавирусга гумонланганларни Тақсимлаш маркази иш бошлади
Жамият
−
24 Июль 2020
7922Кеча, 23 июль куни Тошкентда COVID-19 касаллигига гумон қилинганларга аниқ ташҳис қўйиш ва зарур биринчи ёрдамни кўрсатишга хизмат қилувчи Тақсимлаш маркази иш бошлади.
Марказда 250 нафар тиббиёт соҳаси мутахассислари фаолият юритиши режалаштирилган. Бу ерга шаҳарнинг турли ҳудудларидан COVID-19га гумонланган фуқаролар олиб келинади.
Марказда инфекционист, вирусолог ва бошқа қатор тор мутахассислар жамланган ҳамда тест ва таҳлилларни ўтказиш учун зарур шароит яратилган.
Беморлар учун шифохоналардаги каби шароитлар яратилган, зарур барча тиббиёт жиҳозлари ва ускуналари таъминоти етарли даражада йўлга қўйилган.
Бу ерга олиб келинган фуқаролар тўлиқ таҳлилдан ўтказилганидан сўнг, касаллик даражаси ва саломатлигининг ҳолатига кўра, шифохоналарга йўналтирилади. Хасталик енгил кечаётган ва уй шароитида даволанишни маъқул деб билганлар эса уйида ўз-ўзини изоляция қилган ҳолда даволанишга юборилади.
Ушбу Тақсимлаш марказининг ишга туширилиши COVID-19 ни ташхислаш ва ушбу вирусни юқтирганларни тиббиёт муассасаларига тақсимлаш ҳамда самарали даволашда муҳим вазифани бажаради.
Маълумот учун, Тақсимлаш маркази “Ўзэкспомарказ” павильонида ташкил этилган. У ерда 500 та ўрин тайёрланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь