Тошкентда фуқарони Мексика орқали AҚШга жўнатишга ваъда берган шахс ушланди
3-саҳифа
−
13 Март
3283Тошкент шаҳрида 16 000 доллар эвазига Америка Қўшма Штатларига ишга юборишни ваъда қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Сергели туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ф.Э. бошқа бир фуқаро М.Я.нинг ишончига кириб, уни пул эвазига Туркия, Мексика ва Никарагуа давлатлари орқали Америкага ишлаш учун юборишини ваъда қилиб, олдиндан 9 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ҳибсга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Андижон вилояти Марҳамат туманида Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатларига 15 000 доллар эвазига ишга юборишни ваъда қилганлар ушланганди.
Шу ой бошида эса АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 74 нафар ўзбекистонлик мамлакатга қайтарилди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Америкада қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаганларни депортация қилиш ишлари давом этишини билдирди.
Мадина Отабоева