Тошкентда “айтишник” фирма ҳисобидан 1 млрд сўмдан кўп пул ўғирлади (видео)
3-саҳифа
−
31 июл 1959 1 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Миробод туманида IT мутахассиси бўлиб ишлаган фуқаро фирма ҳисоб рақамидан 1 миллиард 43 миллион 108 минг сўм маблағни ноқонуний ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига пойтахтдаги компаниялардан бирининг ҳисоб рақамидан катта миқдордаги пул маблағлари ўғирлангани юзасидан мурожаат келиб тушган. Тезкор тадбирлар давомида Миробод тумани киберхавфсизлик бўлими ходимлари мазкур компанияда IT мутахассиси бўлиб ишлаган йигитни қўлга олган.
Аниқланишича, у компания ҳисобидаги маблағларни ўзи олдиндан тайёрлаган банк ҳисоб рақамига босқичма-босқич ўтказиб келган. Гумонланувчи ўз айбига иқрор бўлиб, пулларни яқин вақт ичида қайтаришини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги офисларнинг биридан 880 миллион сўмни ўғирлаб кетган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси