Тошкентда 74 та поликлиника 24 соатли иш режимига ўтказилди
Жамият
−
21 Июль 2020
8717Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари – Тошкент шаҳридаги 74 та кўп тармоқли марказий ва оилавий полкилиникалар аҳолига кечаю кундуз фаолият юритиш тизимига ўтказилди. Бу ҳақда Коронавирусга қарши штаб аъзоси Барно Одилова маълум қилди.
Бунда тиббиёт ходимлари 12 соатлик иш режимига ўтказилди (8:00-20:00 гача ва 20:00-8:00 гача).
Ҳар бир поликлиникаларда микроучасткалар ташкил қилинди, микроучасткага масъуллар бириктирилди ва уларнинг асосий вазифаси сифатида қуйидагилар белгиланди:
• хонадонларга телефон қўнғироқ қилиш, ҳолидан хабар олиш;
• касалликларни эрта аниқлаш ва саралаш (амбулатор ёрдам учун, лабораторияга, шифохонага);
• аниқланган муаммоларни жойида ҳал қилиш.
Бунинг учун Тошкент шаҳар поликлиникалари 750 дона мобил телефон билан таъминланди ва ҳар бир оилавий поликлиникада туну кун фаолият юритадиган Call-марказ шароити яратилди.
Ҳар бир поликлиникада амбулатор даволанишга олинган беморлардан хабар олиш ва уй-шифохона шароитида даволаш учун мобил бригадалар ташкил қилинди. Мобил бригадалар томонидан беморлар учун дори дармон етказиб берилмоқда.
Амбулатор-поликлиника тизимида фаолият юритаётган тиббий ходимлар меҳнатини рағбатлантириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан:
• COVID-19 касаллиги профилактикаси, диагностика ва даволашда иштирок этаётган тиббиёт ходимлари учун 6 фоиз устама ҳақ тўлаш;
• тиббиёт ходимларини зарур ҳимоя воситалари (комбинезон, ниқоб, қўлқоп, кўз ойнак) антисептик воситалар ва пирометр, тиббиёт муассасаларини зарарсизлантириш учун дез. эритмалар билан таъминлаш;
• тиббиёт ходимларни жамоат транспорти ҳаракатланмаган пайтда келиб кетиши учун автотранспорт ажратиш;
• аҳоли билан телефон орқали мулоқотни яхшилаш мақсадида ҳар бир оилавий поликлиникага 3 тадан стационар телефон ва қўшимча мобил телефонлар билан таъминлаш;
• мобил бригадалар учун қўшимча транспорт ажратиш масалалари ҳал қилиниши тайинланди.
Беморларни аниқлаш, диагностикаси, даволаш жараёнларини тартибга солиш мақсадида вазир ўринбосари бошчилигида “COVID-19 амбулатор” штаби ва махсус Telegram канал ташкил қилинди. Ушбу каналга Соғлиқни сақлаш, ички ишлар, ҳокимлик ва маҳалла вакиллари (ҳар бир туман учун масъул) бирлаштирилди ва ахборот алмашинуви таъминланди;
Тиббиёт ходимлари томонидан COVID-19 га тааллуқли бўлган ҳисобот шаклларини мақбуллаштириш, соддалаштириш бўйича топшириқ берилди;
Амбулатор шароитда даволанаётган беморларни назоратини олиб бориш бўйича Соғлиқни сақлаш, ички ишлар ва маҳалланинг ҳамкорликдаги фаолият механизми ишлаб чиқилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь