Тошкентда 25 болани Damas’да ташиган ҳужжатсиз “шоввоз” ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида 25 нафар боғча боласини Damas’да олиб кетаётган ҳайдовчи аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 4 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани Оҳангарон кўчасида хизмат олиб бораётган Йўл-патруль хизмати инспектори, кичик сержант Лазиз Сотиболдиев оқ рангли Damas автомобилини тўхтатиб, текширган. Текширув давомида транспорт воситасида йўловчиларни меъёридан ортиқ ташиш қоидаси бузилгани, яъни автомобиль ичида 25 нафар боғча боласи бўлгани аниқланган.

Ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилганда эса унинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари йўқлиги маълум бўлган. Аниқланишича, у аввал маст ҳолда транспорт воситасини бошқаргани учун суд ҳукми билан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Ҳайдовчи ҳолат юзасидан болаларнинг ота-оналари ва боғча тарбиячиларидан узр сўраган. Ҳозирда Damas вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Маълумот учун, Бош прокуратура болаларни ташиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилмоқда. Бу бўйича тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳайдовчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача, яъни 20,6 миллион сўмгача жарима солиш, уч йилгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш, айрим ҳолларда эса 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўллаш таклиф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида 28 нафар болани Damas русумли автомашинада ноқонуний олиб кетаётган ҳайдовчига чора кўрилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг