Тошкентда 2 яшар бола “Док-1 Макс”дан вафот этгани айтилмоқда. ССВ ҳолатни яширяптими?
Саломатлик
−
05 Январь 2023
6184Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида 2 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиб, вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. QALAMPIR.UZ манбасига кўра, бола 2022 йилнинг 23 декабрь куни вафот этган. Ўлим ҳолати аниқланганига 10 кундан ошганига қарамай, Соғлиқни сақлаш вазирлиги буни жамоатчиликдан яширган.
QALAMPIR.UZ’даги маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида истиқомат қиладиган 2 яшар бола “Док-1 Макс” дорисини истеъмол қилгач, аҳволи оғирлашиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган ва муолажаларга қарамай, 23 декабрь куни вафот этган.
QALAMPIR.UZ ушбу маълумотни тасдиқлатиш учун Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилди ва бола ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлатишга уринди. Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқарамаси бошлиғининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Феруза Раҳматуллаева аввалига ҳолат ҳақиқатдан ҳам содир бўлгани, бола 23 декабрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида вафот этгани ва расмий ахборот тайёрланаётганини маълум қилди. Орадан бироз вақт ўтиб, Раҳматуллаева ўлим Тошкент шаҳрида қайд этилгани учун ушбу маълумот вазирлик томонидан берилиши кераклигини маълум қилди ва “Док-1 Макс” сиропидан вафот этган 18 гўдак рўйхатида Тошкент вилоятидан бўлган 2 яшар бола ҳам борлигини урғулади. Бироқ, Раҳматуллаева берган ушбу маълумот вазирлик тарқатган дастлабки хабарларга зид. Бирламчи маълумотларда вазирлик "Док-1 Макс" сиропини ичган 18 бола Самарқандда вафот этганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди.
Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.
2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди. Сирдарё вилоятида ҳам “Док-1 Макс” сиропидан 7 бемор заҳарлангани, уларнинг 4 нафари соғайгани ва 3 нафари айни вақтда жонлантириш бўлимида экани ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ, “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди.
LiveБарчаси