“Док-1 Макс” фожиаси жабрланувчиларига 16,7 млрд сўм тўланди
Crime
−
13:11 1314 3 minutes
Жорий йилнинг 4 октябрь куни ижтимоий тармоқларда “Док-1 Макс” дори воситасидан жабрланганларга нисбатан компенсация маблағлари тўлаб берилмаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар юзасидан Мажбурий ижро бюроси муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, судларнинг ижро ҳужжатларига асосан қарздор Сардор Қориев ва бошқалардан 85 нафар фуқаро фойдасига жами 78 млрд сўм зарар ундириш тўғрисидаги ижро ишлари мавжуд.
Ижро ҳаракатлари давомида, қарздор Сардор Қориевга тегишли – Чилонзор тумани, “1-Қатортол” МФЙ, Қатортол 3-тор кўчасидаги тураржой бинолари ва “Бешёғоч” МФЙ, Фурқат кўчасидаги нотурар жой биноси хатланиб, онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган.
Шундан, “Бешёғоч” МФЙ, Фурқат кўчасидаги нотурар жой биноси аукцион савдоларида сотилиб, 793 млн сўм пул маблағлари келиб тушган, нархи 7,1 млрд. сўмга баҳоланган Чилонзор тумани, “1-Қатортол” МФЙ, Қатортол 3-тор кўчасидаги тураржой бинолари бўйича бугунги кунда аукцион савдолари давом этмоқда.
Аукцион савдолари орқали келиб тушган ва қарздор Сардор Қориевнинг оила аъзолари томонидан тўланган пуллар ҳисобидан ундирувчиларга жами 16,7 млрд сўм маблағ “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 80-моддасига асосан тенг тақсимлаб берилган.
Ҳозирги кунда қарздор Сардор Қориев ва бошқалардан жами 61,3 млрд сўм зарар ундириш билан боғлиқ ижро ишлари бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
“Док-1 Макс” фожиаси
2022 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг “Док-1 Макс” таблетка ва сиропидан жами 70 нафарга яқин бола вафот этганди. Шундан сўнг Ўзбекистонда мазкур дори савдоси буткул тўхтатилиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган. Кўриб чиқилган суд иши якуни бўйича эса жами 19 киши жазоланган.
Улар орасида 1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ директори лавозимида ишлаган Сингх Рагвендра Пратап ҳам бўлиб, у Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 211-моддаси 3-қисми “а” банди, 213-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган. Жазони ўтаб бўлганидан кейин эса Ҳиндистон фуқароси Сингх Рагвендра Пратапни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юбориш белгиланган.
Шунингдек, Сардор Қориев (1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Live
All