Тошкентда 2 та мактаб карантинга ёпилди. ХТВ коронавирус 2 йилсиз тугамаслигига шаъма қилмоқда
Жамият
−
16 Сентябрь 2020
17065Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 40- ва 262-сонли мактаблар фаолияти эҳтиёткорлик ҳамда хавфсизлик мақсадида Маҳаллий кенгаш қарори билан вақтинча тўхтатилди. Қайд этилишича, ушбу мактабларда фаолият юритаётган ўқитувчиларда коронавирус инфекцияси аниқланган. Улар ўзида ушбу касаллик кечаётганидан бехабар бўлган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бугунги кунда барча ҳудудларда мактаб ўқитувчиларининг COVID-19 инфекциясига тест топшириш жараёни амалга оширилмоқда.
Куни кеча Шайхонтоҳур тумани Санитария эпидемиологик осойишталик Маркази томонидан Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 40- ва 262-сонли мактабларда коронавирусга чалинган ўқитувчилар фаолият юритаётгани аниқланган.
“Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мазкур вирус 2 йилгача чекинмаслигини прогноз қилган. Бугун ҳар биримиз ушбу вирус билан яшашга, ҳеч қандай ҳавотирга тушмасдан ҳаёт тарзимизни давом эттиришга ўрганишимиз лозим.
Маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан қабул қилинган мактабларни ёпиш ёҳуд очиш тўғрисидаги қарорлар у ёки бу мактаб жамоаси ва мактаб ўқувчилари, яъни болажонларимизнинг саломатлигини ўйлаб амалга оширилади. Шу боис ўқитувчиларимиздан ҳам ота-оналардан ҳам бундай ҳолатларда ортиқча ҳавотирга тушмаслик санитария-гигена қоидаларига риоя қилган ҳолда одатий ҳаёт тарзини давом эттиришларини сўраб қоламиз.
Бундай ҳолатларда ота-оналардан талаб қилинадиган асосий нарса масофадан яратиб берилаётган таълим имкониятларидан фойдаланиб, фарзандлари билим олишини назорат қилишдан иборат. Бу масалага жиддий ёндошишингизни илтимос қиламиз”, дейилади ХТВ хабарида.
Карантинга олинган мактаблар дезинфекция ишлари амалга оширилганидан сўнг Маҳаллий кенгаш депутатлари қарори билан яна ўз фаолиятини тиклайди. Шу билан бирга, бугунги кунда барча ҳудудларда очилмаган мактаблар фаолиятини тиклаш бўйича ҳам ишлар кетмоқда.
16 сентябрь ҳолатига кўра, республикада 2 550 та (25%) мактаб ўз фаолиятини анъанавий шаклда амалга оширмоқда.
LiveБарчаси