Тошкентда ҳаво сифати “хавфли” даражага етди
Interesting
−
13:06 568 2 minutes
Тошкент шаҳрида бугун, 1 ноябрга ўтар кечаси ҳаво сифати сезиларли даражада ёмонлашди. Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича ифлосланиш даражаси ярим тунда энг юқори нуқтага етиб, “жуда носоғлом” тоифага кўтарилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, кечки соатларда ҳаво сифати “носоғлом” даражада бўлган, соат 22:00 дан кейин эса “жуда носоғлом” тоифага ўтган. Тунги соат 00:00 да ифлосланиш энг юқори даражага етган, шундан сўнг аста-секин пасайган. Бироқ эрталаб ҳам ҳаво сифати “носоғлом” даражада сақланиб қолган.
Миллий ҳаво сифати индекси бўйича шаҳарда PM2.5 кўрсаткичи “зарғалдоқ”, PM10 эса “қизил” даражада қайд этилган.
Ҳаво сифатининг ёмонлашишига ҳароратнинг пасайиши, тун давомида кузатилган ҳарорат инверсияси ва шамолнинг жуда сустлиги сабаб бўлган. Шамол тезлиги секундига 1 метр атрофида бўлиб, бу ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини чеклаган ва PМ заррачаларининг ер юзасига яқин қатламда тўпланишига олиб келган.
Шунингдек, тунги вақтда Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси таҳлилий лабораторияси мутахассислари шаҳарнинг етти тумани - Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Сергелидаги еттита нуқтада атмосфера ҳавосини инструментал ўлчовдан ўтказган. Кузатув натижаларига кўра, PM2.5 кўрсаткичи халқаро AQI бўйича “хавфли” тоифага мос келган.
Прогнозларга кўра, бугун, 1 ноябрь куни Тошкентда ҳаво сифати халқаро AQI бўйича 150–195 кўрсаткич билан “носоғлом”, миллий индекс бўйича эса “зарғалдоқ” даражада бўлиши кутилмоқда. Кечки соатларда ҳам ҳаво сифати AQI 160–190 кўрсаткич билан “носоғлом” даражада сақланиши мумкин.
Махсус комиссия кўрсатмасига асосан, ҳокимликларга ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида фаввораларнинг мунтазам ишлашини таъминлаш, шунингдек, кўчалар ва йўл бўйларини тизимли равишда ювиш топширилган.
Live
All