Тошкентда ҳарбий хизматни ўтаётган 24 ёшли йигит вафот этди
3-саҳифа
−
25 Июль 2023
17798Тошкентда муддатли ҳарбий хизматдаги 24 ёшли йигит вафот этди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, асли самарқандлик бўлган йигит жорий йилнинг март ойида Тошкентга муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун келган. У шу йилнинг 27 июнь куни пневмониядан вафот этган.
Аммо марҳумнинг яқинлари унинг ўлими билан боғлиқ сабабга шубҳа билан қарамоқда.
“Менинг укам 2023 йил 14-март куни муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун кетганди. 26 июнь куни укангизнинг мазаси йўқ, ҳарбий госпиталга тушиб қолди, келмасангиз бўлмайди, деб телефон қилишди. Укам билан 24 июнь куни гаплашгандик. Соғлиғидан шикоят қилмаганди. Шифокор уни кўкарган ҳолатда келганини айтяпти. Унга пневмония ташхиси қўйилган. Бизга ўзидан кетиб қолди дейишди. Уни ўзидан кетиш жараёни, ҳарбий госпиталга кириб бориши тасвирланган видео керак. Шу билан қизиқяпмиз”, дейди марҳумнинг акаси.
Шунингдек, марҳумнинг акаси шу пайтгача укасининг соғлиғида ҳеч қандай муаммолар бўлмаганини айтган.
“Укамнинг танасида шилиниб кетган жойи бор экан, расм ва видеога олганмиз. Ўз ажали билан ўлмаган. Ниманидир яширишяпти. Юз соҳасида бармоқ изи бор, оғзининг ичи ҳам шилинган. Укам келганидан кейин тўйини қиламиз, деган яхши ниятларимиз бор эди. Куёвлик насиб этмади”, дейди марҳумнинг акаси.
Республика ҳарбий прокуратурасига кўра, марҳум Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган 19 ёшли аскар вафот этганди.
LiveБарчаси