Тошкент “зоопарк”ида қизалоқ бегемотга озор берди (видео)

Жамият

image

Кеча, 29 апрель куни Тошкент ҳайвонот боғига онаси билан келган қиз тўсиқдан ўтиб, бегемот оғзига тош ва чўплар отди. Мазкур ҳолат Тошкент ҳайвонот боғи матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеода акс этган.

“Кеча ёнида катта одам бор қизалоқ Жудининг волерига тошлар ва чўплар отган, волер ичига кириб олиб, овқат бергандек алдаган. Бундай қилиш мутлақо мумкин эмас! Биринчидан, Жуди  ҳайвонот боғимизнинг энг кекса жониворларидан бири ва биз уни жуда яхши кўрамиз”, дейилади боғ маъмурияти хабарида.

Қайд этилишича, Жуди — бегемотларнинг қимматли, йўқ бўлиб кетаётган турига мансуб. Уларнинг сони Ер куррасида жуда оз қолган ва дунёнинг ҳамма ҳайвонот боғлари ҳам уларда пакана бегемот яшаши билан мақтана олмайди. 

“Волерга ўз вақтида етиб келган ходимларимиз бўлмаганда, бу вазият қандай тугаши номаълум бўларди. Азиз дўстлар, жониворларимиз соғ-саломатлигига эътиборлироқ муносабатда бўлинг ва ҳайвонот боғида ўзини тутиш қоидаларини бузманг!”, дейилади хабарда.

Боғ матбуот хизмати одамлар ноёб пакана бегемотларни сақлаб қолиш учун қўлидан келганча уриниши кераклигини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 январь куни Тошкент ҳайвонот боғида ёш аёл номаълум сабабларга кўра одамларнинг кўз олдида ўз қизини айиқ қафасига ташлаб юборган.

Айиқ қизалоққа зарар етказмаган. Ҳайвонот боғи ходимлари айиқни ички хонага олиб киришга муваффақ бўлишган.

2018 йилда туғилган қизалоққа дастлаб ҳайвонот боғи ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатади. Шундан сўнг тез ёрдам машинасида соат 13:30 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.

Ҳайвонот боғи маъмуриятига кўра, 3 ёшли қизалоқ интенсив терапия хонасига кўчирилган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Прокуратура қизини айиқ қафасига улоқтирган она 2021 йилнинг июль ойидан буён руҳий асаб касалликлари диспансерида рўйхатда туришини маълум қилди.

Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси эса аёл олий таълим муассасасида дарс беришини ва турмуш ўртоғи билан ажраётганини очиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

165

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг