Тошкент вилоятининг яна 110,4 гектар ҳудуди Янги Тошкентга берилди
Жамият
−
24 Октябрь
6257Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан “Янги Тошкент” шаҳрини барпо этиш учун ер майдони ажратилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зоир Мирзаев жорий йилнинг 22 октябрь куни тегишли қарорни имзолади.
Қарорга кўра, Юқори Чирчиқ туманидаги 110,4 гектар ер майдони давлат захирасига қайтарилган ҳамда унинг тоифаси ўзгартирилган бўлиб, доимий фойдаланиш учун “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси”га ажратиб берилган. Туманнинг ”Ўзбекистон“, ”Гулистон“, ”Истиқлол“ маҳаллаларидаги ҳудудлар ”Янги Тошкент шаҳри" ҳудудига ўтказилмоқда. Ҳозирда белгиланган тартибда кадастр ҳужжатлари расмийлаштириш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 март куни халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши томонидан қабул қилинган қарорга кўра, Тошкент вилояти ҳудудидан 19 729,41 гектар, шу жумладан Юқори Чирчиқ туманидан 17 323,32 гектар, Ўрта Чирчиқ туманидан 2 406,1 гектар ер майдонлари Тошкент шаҳрининг Янги Тошкент тумани таркибига ўтказилганди. 22 август куни эса Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан Янги Тошкентни барпо этиш учун яна умумий ҳисобда 158,67 гектар ер майдони ажратилганди. Бу ерлар Юқори Чирчиқ туманидаги “Гулистон” (66,67 гектар), “Истиқлол” (13,92 гектар), “Истиқбол” (78,08 гектар) МФЙларидаги ҳудудларга тўғри келади.
LiveБарчаси