Тошкент вилоятида жамоат транспорти учун йўлкира нархи ўзгарди
Жамият
−
01 Июнь
13703Тошкент вилояти шаҳарларида жамоат транспорти учун тўлов нархи ўзгаради. Кеча, 31 май куни вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг шу ҳақдаги тегишли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, вақтга боғланган соатлик, кунлик, ойлик ва йиллик лимитсиз тарифлар, нақд тўловни электрон тўловга нисбатан 30 фоизга юқори этиб белгилаш маълум қилинган.
Жумладан, бир нафар йўловчи учун қатнов банк ва транспорт карталари орқали амалга оширилганда 1700 сўм, нақд тўловда 2500 сўм этиб белгиланган. Бир нафар йўловчининг багажини ташиш харажатлари ҳам 2500 сўмни ташкил этади.
Қарорга илова қилинган жадвалга кўра, бир йўловчи учун олти ойлик тўлов 900 минг сўм, бир йиллиги эса 1 млн 826 минг этиб белгиланган. Талаба, ўқувчи, пенсионер ва ногиронлар учун олти ойлик тўлов 450 минг сўм, йиллик тўлов эса 913 минг сўмни ташкил этади.
Шунингдек, тариф режасига кўра, бир соат ичида бир нечта автобусга чиқадиган йўловчи транспорт карталари орқали тўлов қилганида биринчи автобусда 1,700 сўм, иккинчи автобусда 700 сўм тўлайди, учинчи ва кейинги автобуслар эса текин бўлади.
Қарор эълон қилинган кундан кучга кириши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида 15 майдан бошлаб барча транспорт карта сотиш шохобчалари фаолияти тўхтатилганди.
LiveБарчаси