Тошкент кўчаларида йиртқич ҳайвон “сайр” қилиб юргани аниқланди
Жамият
−
26 Февраль
36798Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги кўчаларда ноёб қорақулоқ айланиб юргани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, бошқармага Яккасарой туманида номаълум ҳайвон айланиб юргани ҳақида хабар келиб тушган. Бориб ўрганилганда эса у Қизил китобга киритилган 1 дона қорақулоқ эканлиги аниқланган.
“Ишонч телефонлари орқали қилинган мурожаат Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг Яккасарой тумани инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганилганда, нотаниш ҳайвон Қизил китобга киритилган 1 дона қорақулоқ эканлиги аниқланган”, дейилади хабарда.
Ҳолат бўйича Тошкент ҳайвонот боғи мутахассислари билан ҳамкорликда ушбу жониворни тутиш ишлари амалга оширилиб, қорақулоқ ҳайвонот боғига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Пискент тумани “Қирққизобод” ОФЙ ҳудудида бўрилар пайдо бўлгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси