“Толибон“ яна Ўзбекистондаги элчисини ўзгартиряпти
Олам
−
19 Сентябрь
4988“Толибон” муваққат ҳукумати Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига Абдул Ғаффор Баҳрни янги элчи этиб тайинлади. Бу ҳақда муваққат ҳукуматдаги ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Ҳофиз Зиё Аҳмад X’даги саҳифасида маълум қилди.
У янги дипломатнинг суратини эълон қилиб, Абдул Ғаффор Баҳрни Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига масъул этиб таништирди. Бироқ Абдул Ғаффор Баҳрнинг тарихи ва фаолиятига оид тафсилотлар вазирлик томонидан эълон қилинмаган.
Келтирилишича, муваққат ҳукуматнинг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий ва Ўзбекистоннинг Қобулдаги элчиси Ёдгорхўжа Шодманов билан хайрлашув учрашувида Абдул Ғаффор Баҳр ҳам иштирок этган.
Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов “Толибон” муваққат ҳукумати бош вазирининг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий билан учрашувда Афғонистондаги 12 йиллик миссияси якунланганини расман маълум қилганди.
Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Афғонистон элчихонасини “Толибон” дипломатларига топширган эди. Ўшанда “Толибон” томонидан Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасига элчи этиб тайинланган Муғфуруллоҳ Шаҳоб олдинги ҳукумат даврида элчиликка тайинланган Аҳмад Холид Илмийнинг ўрнини эгаллаган. Бироқ апрель ойида Муғфуруллоҳ Шаҳоб ўрнига Абдул Ғаффор Баҳр элчи этиб тайинланди. Август ойида эса “Толибон” муваққат ҳукуматидаги ташқи ишлар вазирлигининг учинчи сиёсий департаменти директори Зокир Жалолий Афғонистоннинг Ўзбекистондаги расмий элчиси сифатида Абдулғофар Тиравий таништирилганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон муваққат ҳукумати Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари ва Қозоғистондан кейин “Толибон”нинг элчисини расман тан олган учинчи давлат бўлганини маълум қилди. Ўзбекистон Бош вазири матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов буни тасдиқлаганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манбасига кўра, элчининг расман тан олиниши борасида якуний қарор ҳали қабул қилмаган.
LiveБарчаси