“Толибон” ва қаршилик кучлари ўртасидаги музокаралар муваффақиятсиз якунланди 

Олам

image

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати ва Панжшер вилоятидаги қаршилик кучлари ўртасидаги музокаралар муваффақиятсиз якунланди. Бу ҳақда “TOLOnews” телеканали Ҳаракатни бошқариш бўйича комиссия раҳбари Амир Хон Моттакийга таяниб маълум қилган.  

Қаршилик вакиллари бу маълумотга ҳозирча изоҳ бермаган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 август куни қаршилик кучлари толибларнинг минтақанинг ғарбий қисмидаги аванпостлардан бирига уюштирган ҳужумини қайтарганди.  

Миллий қаршилик фронти ва “Толибон” делегацияси ўртасида биринчи тўғридан-тўғри музокаралар ўтган ҳафта Чорикор шаҳри (Парвон вилояти маъмурий маркази)да бўлиб ўтган. Унда томонлар “ҳарбий тўқнашувнинг олдини олиш учун мулоқотни давом эттиришга” келишиб олган.  

Аввалроқ, Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар қаршилик кучлари мамлакатнинг бошқа вилоятларига ҳам тарқалиши мумкинлигини айтганди. 

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Панжшер

Баҳолаганлар

164

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг