“Толибон” Ўзбекистонни алдадими? Йўқ қилинган Навоий ёдгорлиги қачон тикланиши номаълумлигича қолмоқда

Олам

image

“Толибон”нинг Балх вилояти маркази – Мозори Шариф шаҳрида маҳаллий расмийлар томонидан Алишер Навоий ҳайкалининг йўқ қилиниши, шундан сўнг эса Навоий мажмуаси шоир шарафига қайта барпо этилиши ҳақидаги ваъданинг орадан икки ойдан ортиқ вақт ўтган бўлишига қарамай, ҳануз амалга ошмагани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бу ҳақда Афғонистон ўзбеклари томонидан юритиладиган Uzbek TV нашри суриштирув олиб борганини хабар қилди.

Нашрнинг маълум қилишича, сўнгги кунларда мажмуанинг ҳолатини аниқлаш мақсадида ҳайкал ўрнатилган жой кўздан кечирилган. Гувоҳларнинг қайд этишича, ҳайкал жойлашган ҳудуд яшил латта билан ўралган, бироқ ичкарида қурилиш ишлари олиб бориляптими ёки йўқми бу номаълумлигича қолмоқда. Шунингдек, бу ерда Навоий хотирасига бағишланган қандай мажмуа барпо этилаётгани ҳақида ҳам аниқ маълумот берилмаган.

“Агар Ўзбекистон расмийлари бу масалага аралашмаса, “Толибон” одатдагидек ёлғон ваъдалар билан бу масалани чўзиб юбориш эҳтимоли катта”, дейилади нашр хабарида.

QALAMPIR.UZ мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов билан боғланди. У журналистнинг қурилиш ишлари қайси босқичда экани ва ёдгорлик қачон очилиши ҳақидаги саволларига қуйидагича жавоб берди.

“Ёдгорлик бўлади, бу аниқ. Афғон томони билан ушбу масалада келишилган ва бу келишув ўз кучида”, деди Бурҳонов, мажмуа очилиш санаси ҳозирча номаълумлигини қўшимча қилиб.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Мозори Шариф шаҳрида Темурийлар даврида яшаган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини бутунлай бузиб ташлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий изоҳ олиш мақсадида “Толибон” муваққат ҳукумати вакиллари билан боғланган.

Афғонистон томони ўша пайтда “Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой аллома хотирасига муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир шарафига янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги” сабабли ҳайкал маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташлангани, яқин орада янги ёдгорлик барпо этилиши ҳақида ваъда берган эди.

Шунингдек, 2023 йилнинг февраль ойида ҳам Мозори Шарифдаги Алишер Навоийнинг ўша ҳайкали қисман бузиб ташланган эди. Шунда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов бу ҳолатни “вандализм” деб атаган ва Афғонистон вакилларига таяниб, ҳайкални бегона шахслар вайрон қилганини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

ТИВ Толибон Алишер Навоий Мозори Шариф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг