“Толибон” Ўзбекистонга Афғонистонда темир йўл қуришда ёрдам бермоқчи

Олам

image
Афғонистон Ислом Амирлиги Ўзбекистон халқини мустақиллик куни билан табриклади — ТИВ   north_east

Афғонистон Ислом Амирлиги Ўзбекистон халқини мустақиллик куни билан табриклади — ТИВ  

“Толибон” ҳаракати Ўзбекистонга Афғонистон ҳудудида темир йўл ва электр узатиш линияларини қуришда ёрдам беришини эълон қилди. Бу ҳақда “Толибон”нинг Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклаб юборган хатида айтилган. Нома “Толибон” ҳаракати сиёсий идораси Матбуот котиби Муҳаммад Суҳайл Шаҳин томонидан юборилган. 

“Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти ва халқини Мустақиллик байрами билан самимий табриклаймиз. Биз қўшни Ўзбекистон билан самарали ва дўстона муносабатлар ўрнатишни хоҳлаймиз. Ўзбекистон иштирокида Афғонистонда инфратузилма лойиҳаларини, хусусан, темир йўл ва электр узатиш линияларини қуришни давом эттиришдан манфаатдорлигимизни тасдиқлаймиз. Афғонистон Ислом Амирлиги ўзбек шерикларимизга бу йўналишда барча зарур ёрдамни беради”, дейилган мактубда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун Тошкентга келган Афғонистоннинг собиқ Президенти Ашраф Ғани билан учрашувда юқорида кўрсатилган инфратузилма лойиҳаларини муҳокама қилганди.

Томонлар “Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар” темир йўли ва янги “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини қуришдан манфаатдор эканлигини тасдиқлаганди. 

Темир йўл лойиҳаси қарийб 5 миллиард долларга баҳоланмоқда. У Тошкентни Афғонистон пойтахти орқали Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятининг маъмурий маркази Пешовар билан боғлайди.

Маълумот ўрнида, АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Толибон

Баҳолаганлар

453

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг