“Толибон” Тожикистон билан чегарадаги туманни эгаллади — ОАВ
Олам
−
21 Июнь 2021
25678“Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги Имом Соҳиб туманини назоратига олди. Мазкур туман Тожикистоннинг Хатлон вилояти Панж тумани билан чегарадош. Бу ҳақда “Asia plus” афғонистонлик журналист Ажмал Кокарга таяниб хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, “Толибон” туманни бугун эгаллаган ва ҳозирда Қундуз шаҳрини қамал қилган. Аммо ҳозирча йўқотишлар ҳақида маълумот берилмаган.
“Шаҳар дарвозалари аллқачон толиблар қўлига ўтган, шаҳар қамал остида. Қундуздаги вазият кескин тус оляпти. Ҳозирча йўқотишлар бўлмаслиги ҳам мумкин, негаки ҳукумат аскарлари чекинмоқда”, деган Кокар.
Ажмал Кокарнинг айтишича, Имом Соҳиб толиблар Тожикистон билан чегарадаги Шерхон бандар чегара қишлоғи ва дарё портига яқинлашди. У Имом Соҳибдан ғарбда Панж дарёсининг жанубий соҳилида жойлашган, қарши томонда эса Қуйи Панж тожик қишлоғи жойлашган.
Афғонистонда сўнгги бир неча ой ичида кўплаб ҳудудлар “Толибон” қўлига ўтди. Биргина сўнгги 2-3 кун ичида ҳукумат кучлари 15 туманни тарк этишга мажбур бўлди. Фарёбда аллақачон вилоят маркази Маймана учун жанглар бошланган.
Aфғонистон парламентидаги ушбу минтақа вакилларининг айтишича, агар улар ҳукумат кучларига ёрдам бериш учун қўшимча кучлар юбормасалар, у ҳолда минтақанинг маркази ҳам “Толибон” қўлига ўтади.
Шунингдек, Тожикистон билан чегарадаги Тоҳар вилоятининг 8 та тумани ҳам аллақачон “Толибон” томонидан эгалланган. Афғонистоннинг “Tolonews” телеканалининг хабар беришича, ўтган кун давомида Тоҳар вилоятидаги Чол, Намакоб, Янгиқалъа, Хўжагор, Хўжабаҳоваддин, Даркад, Дашти Қалъа, Хазорсамуч, Қундуздаги Дашти Арчи, Самангондаги Дарайи Сўфи боло, Балхдаги Чаҳорбулоқ, Жузжондаги Мангажик ва Хонақох, Нимруздаги Хазорсамуч, Лугардаги Ҳарвор толиблар назоратига ўтган.
Маълумот учун, 1 май куни AҚШ бошчилигидаги хорижий давлатлар аскарлари Aфғонистондан чиқиб кетишни бошлагандан сўнг, “Толибон” жангарилари ҳукумат кучларига қарши қаттиқ курашни бошлаб юборди.
Аввалроқ, Афғонистондаги ўзбек ва туркман диаспораси раҳбари Маршал Абдул Рашид Дўстум толибларга қарши жангда яралангани ва мамлакатни тарк этгани ҳақида маълумотлар тарқалгани хабар қилинган.
Фаоллашиб қолган “Толибон”
Сўнгги бир ой ичида у “Толибон” кучлари билан тўғридан-тўғри Фарёб, Жузжон ва Сари-Пул ҳудудларида кураш олиб борганди.
Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида “Толибон” ҳаракати Афғонистон шимолидаги Фарёб провинциясининг Давлат Обод, Қайсар ва Гҳор провинциясининг Шаҳрек ҳамда Урузган провинциясининг Гизоб туманларини қўлга киритган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси