“Толибон” сулҳни бузди. Стадионлардан бири портлатилди
Олам
−
03 Март 2020
14816"Толибон" ҳаракати Афғонистон шарқида портлаш уюштирди. Бу ҳақда Афғонистон марказий телеканали маълум қилди.
Таъкидланишича, футбол ўйини вақтида бомба ўрнатилган мотоцикл томошабинлар томонга йўналтирилган. Оқибатда 3 киши ҳалок бўлиб, 11 киши жароҳатланган.
"Толибон" ҳаракати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид бу портлашни бир неча ҳафта аввал имзоланган зўравонликни камайтириш бўйича шартнома муддати тугаганлиги билан изоҳлади. Шунингдек, у яқинда имозланган тинчлик шартомасининг шартлари тўла бажарилмаётганидан норози эканлигини билдирди.
"Зўравонлик камайтириш шартномаси муддати аллақачон тугади ва бизнинг ҳаракатларимиз одатдагидек давом этади. АҚШ - "Толибон" келишувига биноан бизнинг мужоҳидларимиз хорижий кучларга ҳужум қилмайди, аммо бизнинг операцияларимиз Кобул маъмурияти кучларига қарши давом этади", деди ҳаракат вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
Вашингтонда Пентагон раҳбарияти ҳужумнинг аҳамиятини пасайтирмоқчи.
“Толибон” якка гуруҳ эмас. Унда бир нечта террорчилик ташкилоти фаолият кўрсатмоқда ... Шунинг учун биз буни ким қилганини аниқ билмаймиз", деди кеча, 2 март куни Бош штаб бошлиқлари раиси генерал Марк Миллий.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 29 февраль куни "Толибон" ҳаракати АҚШ билан тинчлик шартномасини имзолади. Шартномага биноан АҚШ ва НАТО кучлари 14 ой давомида ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишлари керак. Шу вақт давомида ҳаракат мамлакатда турли ҳунрезликлардан ўзини тийиши лозим. Шунингдек, 2020 йилнинг 10 март кунигача Афғонистон ҳукумати "Толибон"нинг 5000 нафар асирини озод қилиши шарт. Аммо Афғонистон Президенти Ашраф Ғани "Толибон" маҳбусларини озод қилишни рад этмоқда.
Нуруллоҳ Шарипов