Навоий ётган замин. Афғонистондаги уруш қачон ва нима сабаб бошланганди? (1-қисм)
Таҳлил
−
01 Март 2020
36829Февраль ойи дунёнинг у ёки бу давлатига коронавирус кириб боргани ёинки Идлибда Сурия ва Туркия қўшинлари ўзаро зарбалар алмашгани каби хабарлар билан кечди. Аммо ой охирида Ўзбекистон, Марказий Осиё ва бутун дунё учун муҳим бўлган воқеа юз берди. Афғонистонда тинчлик йўлида жиддий қадам ташланди: АҚШ ва “Толибон” ўзаро битим имзолади. Битим АҚШ қўшинларининг Афғонистондан кетиш муддати кўрсатилгани билан аҳамиятли бўлди.
Битимга кўра, АҚШ 14 ой давомида Афғонистондаги 13 минг аскарини уйига қайтариши керак. Албатта, бу вақт ичида “Толибон” битим шартларини бузмаслиги лозим. Америка аскарлари кетгач, Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ўртасида музокаралар бошланади. Шунингдек, АҚШ ва афғон ҳукумати 5 минг асирни, “Толибон” мингга яқин асирни жорий йилнинг 10 мартигача озод қилишига келишилди.
Таъкидлаш керакки, буюк шоир, мутафаккир, олим, давлат арбоби Алишер Навоий (Ҳирот) ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг (Кобул) қабри ҳам Афғонистонда жойлашган. Мамлакатда тинчлик ўрнатилиши эса ўзбек олимларига ва исталган фуқарога буюк адиблар қабрини зиёрат қилиш, шу билан бирга Ўзбекистон ҳукуматига узоқ урушлар натижасида талафот кўрган адиблар мақбарасини таъмирлаш имконини беради.
Боғи Бобурдаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур қабри (Кобул)
Агар битим шартлари тўлиқ бажарилса, АҚШ тарихида энг узоқ давом этган уруш якунига етади. Афғонистонда эса 40 йиллик бемақсад қон тўкишлар, нотинчликлар барҳам топади. Одамлар тунда хотиржам уйқуга кетадиган ва тонгда бомба, ўқ овозларидан эмас, одатдагидек хўроз қичқиришидан уйғониши мумкин бўлади. Табиийки, бу осон бўлмайди. Деярли ярим аср уруш муҳитида яшаган халқдан қуролни йиғиштириб олиш ҳам вақт талаб қилади.
Алишер Навоий мақбараси (Ҳирот)
Афғонистонда узоқ давом этган уруш натижасида юз минглаб одамлар ҳалок бўлди, миллионлаб афғонлар қўшни давлатларга қочиб кетди. Афғонистонда бутун бир авлод етишиб чиққан уруш қандай бошланганди? Афғонистондаги урушнинг биринчи босқичи СССР армиясининг мамлакатга кириш тарихига назар соламиз.
СССР қўшинларининг Афғонистонга кириши
1979 йил 24 декабрда Коммунистик партия Бош котиби Леонид Брежнев СССРнинг 40-армиясини Афғонистонга юбориш ҳақида буйруқ берди. Аммо уруш бошланиши учун вазият 1973 йилда етила бошлаган. Ўша йили Афғонистонда шоҳ ҳокимияти ағдарилган. Ҳокимият Муҳаммад Довуд қўлига ўтган. 1978 йилда Саур (Апрель) инқилоби натижасида давлат тепасига Афғонистон Халқ-демократик партияси (АХДП) яъни, коммунистлар келган. Улар давлат номини Афғонистон Демократик Республикаси (АДР) деб ўзгартирган.
Мамлакатда АХДП раҳбари Нур Муҳаммад Тараки бошчилигида социализм қуриш йўлида олиб борилган ислоҳотлар аҳоли норозилигига сабаб бўлган. Ҳукуматнинг мухолифатга қарши олиб борган кескин сиёсати ва репрессия норозиликни янада кучайтирган. Нур Муҳаммад Тараки ёрдам сўраб расмий Москвага мурожаат қилган. Аммо улар қўшин киритишга шошмаган. 1979 йилда Тараки Бош қўмондон ўринбосари Хафизулла Амин буйруғи билан ўлдирилган. Кейинроқ, Амин Марказий разведка бошқармаси билан алоқада бўлгани аниқланган. СССР билан муносабатлар ёмонлашган. 24 декабрда совет қўшинлари Афғонистонга кирган. Кобул эгалланиб, Амин ўлдирилган. Ҳокимиятга СССР тарафдори Бабрак Кармал келган. Бу воқеалар босқинчилик, интервенция (Ғарб ОАВда) ёки Брежнев доктринасига кўра қонуний аралашув деб баҳоланди.
СССРга Афғонистонда кутилмаган қаршилик
1980 йил январда Ислом конференциясига аъзо 34 давлат Ташқи ишлар вазирлари совет қўшинларининг Афғонистондан зудлик билан чиқиб кетишини талаб қилувчи резолюцяни қабул қилди. БМТ СССР интервенциясига норозилик сифатида резолюция (152 мамлакатдан 104 нафари рози, 18 нафари қарши, 18 нафари бетараф ва 12 нафари овоз беришда иштирок этмай қолган) қабул қилди. Резолюцияни Ангола, Шарқий Германия, Вьетнам ва Ҳиндистон каби СССР тарафдорлари қўллаб-қувватламаган.
СССР қўшинлари афғон ерларидан кетмагач, афғон мухолифати – мужоҳидлар АҚШ ва Форс кўрфазининг бой давлатларидан ёрдам ола бошлади. Ҳарбий тайёргарлик ишлари Покистон ва Хитойда олиб борилди. Совет қўшинлари асосий шаҳарлар ва коммуникацион тизимни эгаллаган бир вақтда мужоҳидлар мамлакатнинг ҳукумат ва СССР назоратидан четда қолган 80 фоиз асосан қишлоқ ҳудудида кичик гуруҳларга бўлиниб, партизанлар урушини бошлади. СССР ўз авиациясини ишга солиб, мухолифат ва тинч аҳолига қарши курашди. Қишлоқлар вайрон қилиниб, мужоҳидларнинг турар жойлари, муҳим ирригацион каналлар йўқ қилинди ва мамлакат бўйлаб миллионлаб миналар жойлаштирилди.
Халқаро ҳамжамият реакцияси
1980 йил 3 январдан АҚШ Президенти Жимми Картер Конгресснинг СҚЧ-2 (Стратегик қуролларни чеклаш бўйича битим) шартномасини ратификация қилишини кечиктирди. 1980 йил 6 январда СССРга қарши санкцияларни эълон қилди. Булар буғдой сотишга эмбарго, юқори даражадаги технологиялар сотишни тўхтатиш, АҚШ сувларида балиқ тутиш учун квотани қисқартириш, АҚШ аэродромларида “Аэрофлот” самолётлари учун қўниш ҳуқуқини камайтириш, Киевда америка консуллигини очишни бекор қилиш ва Нью-Йоркда совет консуллигини очишга тақиқ қўйиш, икки томонлама элчихоналарда дипломатик персоналнинг камайтирилиши бўлди.
Бойкот ва санкцияар “совуқ уруш”даги вазиятни кескинлаштириб, совет ҳукуматини ғазаблантирди. Натижада СССР 1984 йил Лос-Анжелесда ўтадиган Олимпия ўйинларини бойкот қилиш бошлади.
Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Ҳумайний СССР қўшинларининг Афғонистонга киришидан огоҳлантирилган. 26 декабрдан 27 декабрга ўтар кечаси Эрондаги совет элчиси В. М. Виноградов Оятулло Ҳумайний билан шахсан учрашувда буни айтиб ўтган. Учрашувда Ҳумайний совет томонига тезроқ вазифани бажариб, ортга қайтишни тилаган. Уч ой давомида Эрон Олий раҳбари воқеаларга муносабат билдирмаган, кейин эса расмий Москванинг Афғонистондаги ҳаракатларини танқид қилган ва афғон мужоҳидларини фаол қўллай бошлаган. Уларни тайёрлаш учун ўз ҳудудида лагерлар ташкил қилган ҳамда Кобулдаги советпараст ҳукуматни тан олмаган.
Совет қўшинининг Афғонистонга киришини Хитой, Югославия, Руминия ва Шимолий Корея каби социалистик давлатлар ҳам қоралади. 1980 йилда АҚШ, Хитой ва 60 та давлат Москвдаги XXII ёзги Олимпиадада иштирок этишдан бош тортди. Бунга жавобан 1984 йилда Хитой, Руминия ва Югославиядан бошқа социалистик давлатлар СССР бошчилигида Лос-Анжелесдаги XXIII ёзги Олимпиадани бойкот қилди.
Урушнинг бориши ёхуд “Айиқ тузоғи”
Дастлаб Совет Иттифоқи шаҳар ва йўллар хавфсизлгини таъминлаб, Бабрак Кармал ҳокимиятини барқарорлаштириб, 6 ой ёки бир йилдан сўнг Афғонистонни тарк этишни режалаштирганди. Аммо улар партизанлар томонидан қаттиқ қаршиликка дуч келиб, 10 йил давом этган қонли урушга гирифтор бўлди.
СССР учун кутилмаганда чўзилиб кетган урушни тўрт босқичга бўлиш мумкин:
1. 1979 йил декабрдан 1980 йилгача – совет қўшинларининг Афғонистонга кириши ва горнизонларга жойлаштирилиши;
2. 1980 йил мартдан 1985 йил апрелгача – фаол ҳарбий ҳаракатлар даври. Бир вақтнинг ўзида АДР қуролли кучларини қайта ташкил этиш ва мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилган;
3. 1985 йил апрелдан 1987 йил январгача – фаол ҳарбий ҳаракатлардан афғон кучларини авиация, артиллерия ва сапёр бўлинмалари билан қўллаб-қувватлашга ўтиш даври. Шу даврда совет қўшинларининг бир қисми Афғонистондан олиб чиқилган.
4. 1987 йил январдан 1989 йил февралгача – афғон ҳарбийларини тайёрлашга ёрдам берган ҳолда миллий ярашув сиёсатини олиб боришга кўмаклашиш босқичи. Совет қўшинларини бутунлай чиқаришга тайёрланиш ва Афғонистонни тарк этиш.
Урушнинг фаол даври, 80-йилларнинг ўрталарида Афғонистондаги совет аскарлари сони 108 800 нафаргача етказилган, ҳарбий ҳаракатлар ҳам жадаллаштирилган. Аммо СССР учун уруш ва дипломатик харажатлар анча юқори бўлган. 1987 йил ўрталарида ислоҳотчи Михаил Горбачёв бошқарувидаги СССР афғон ҳукумати билан учрашувлардан кейин аскарларини мамлакат ҳудудидан олиб чиқишни бошлашини маълум қилди. Совет ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш 1988 йил 15 майда бошланиб, 1989 йил 15 февраль куни якунланган. Натижада Афғонистон ҳукумати мужоҳидларга қарши якка ўзи курашишига тўғри келган. Мамлакатда кучлар баланси ўзгарган. 1992 йилда СССР қўллаб-қувватлаган ҳукумат ағдарилган (бу вақтда СССРнинг ўзи ҳам парчаланиб бўлган). Афғонистондаги урушнинг давомийлиги сабабли Ғарб ОАВ уни баъзида “СССРнинг Вьетнам уруши” ёки “Айиқ тузоғи” деб аташади. Афғон урушидаги мағлубият СССРни ҳолдан тойдирган, натижада улкан қонли империя парчаланган.
Афғон мухолифатига хорижий ёрдам
АҚШда Рональд Рейган Президетлиги даврида 1980 йилда СССР ва АДРга қарши курашиш учун ягона фронт яратиш ҳаракатларини кучайтирди. 1980 йилларда мухолифатни америка қуроллари билан таъминлаш давом этди. 1984 йилда 125 млн доллар, 1985 йилда 250 млн доллар, 1986 йилда 470 млн доллар, 1987 йилда 630 млн долларлик қурол етказиб берилган.
1988 йилда АҚШнинг афғон мухолифатига кўрсатган умумий ёрдами 2,1 млрд долларга етди. Саудия Арабистони ҳам афғон мухолифатини қурол билан таъминлашга шунча маблағ сарфлаган. Шу билан бирга, мухолифатга салмоқли молиявий ёрдам Форс кўрфази давлатларидаги хусусий фондлардан келган. Бу маблағлар йилига тахминан 400 млн долларни ташкил этади.
СССР қўшинларига қарши операциялар: “Фарадей”
“Фарадей” операцияси АҚШ ва Буюк Британия Мудофаа вазирликлари патронажи асосида урушнинг дастлабки йилларида Афғонистондаги совет қўшинларига қарши ўтказилган ҳарбий амалиёт.
Афғон урушининг бошланғич даврида АҚШ (МРБ) ва Буюк Британия (Махсус ҳаво хизмати, SAS, САС) махсус хизматлари томонидан ўтказилган “Фарадей” операциясининг асосий мақсади қуйидагилар бўлган:
• Европа ва АҚШда, шунингдек, АДР яқинида (Покистон) машғулот лагерлари очиш;
• Афғонистон ҳудудида разведка ўтказиш ҳамда диверсия амалга ошириш учун америка ва инглиз “спецназ”ларини тайёрлаш, уларни уруш майдонига жўнатиш;
• Қурол, ўқ-дори, мина ва портловчи воситалар етказиб беришни ташкил қилиш;
“Циклон” операцияси
“Циклон” – 1980 йилларда МРБнинг Афғонистонда олиб борган операцияси. Бу амалиёт МРБнинг энг узоқ давом этган ва қимматга тушган дастури. Дастурнинг йиллик таъминоти 20-30 млн доллардан бошланган бўлиб, 1987 йилга келганда, 630 млн долларга етган. “Циклон” операцияснинг асосий техник воситаси этиб ISI – Покистоннинг ташкилотлараро разведкаси танланган. 1978-1992 йилларда “Циклон” операцияси маблағлари ҳисобига ISI афғон мужоҳидларининг 100 мингдан ортиқ аъзосини ўқитган ва қуроллантирган. Шу билан бирга, араб ва ислом давлатларида, Хитой Уйғур мухториятида кўнгиллиларни тўплаган. Турли маълумотларга кўра, ISI 43 та давлатдан 35 минг хорижий мусулмонларни тайёрлаган.
Урушдаги йўқотишлар
СССРнинг Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларида мужоҳидлар катта роль ўйнаган. Улар Совет Иттифоқини Афғонистонда узоқ вақт қолиб кетиши ва иқтисодий таназзулини таъминлаб берган. 10 йил давомида турли маълумотларга кўра, 562 мингдан 2 млнгача тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Миллионлаб афғонлар қочоққа айланиб, Покистон ва Эронда жон сақлаб қолган.
СССР бу урушда 15 031 нафардан 26 минг нафаргача аскарини йўқотган. 469 685 нафар одам ногирон бўлган ёки турли касалликларни юқтириб олган. Совет Иттифоқи уруш йилларида Афғонистон ҳукуматини қўллаш учун ҳар йили ўртача 800 млн доллар, мамлакатдаги ҳарбий кучлари таъминоти учун йилига 3-8,2 млрд доллар харажат қилган. Урушда жами 50 млрд доллар атрофида маблағ сарфланган.
СССР қўшинларининг Афғонистондан кетиши билан мамлакатда тинчлик ўрнатилмаган, аксинча янги куч билан давом этган. Унинг ортидан фуқаролар уруши бошланган. СССРнинг кетиши билан Афғонистонда янги кучлар юзага келган. “Толибон” ҳаракати ҳам шу давр “мева”си ҳисобланади.
QALAMPIR.UZ ушбу мавзуни давом эттиради. 1992 йилдан то бугунимизгача содир бўлган воқеаларни эса келгуси мақолаларда ўқишингиз мумкин.
LiveБарчаси