“Толибон” мусиқа асбобларини йиғиб, ёқиб юборди
Олам
−
20 Июль 2023
4391“Толибон” Афғонистоннинг бир қанча ҳудудларида мусиқа асбобларининг катта уюмини йиғиб, ёқиб юборди. Бу ҳақда “Kabul Now” нашри хабар берди.
Келтирилишича, кеча, 19 июль куни Twitter платформасида Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги мусиқа асбоблари йўқ қилингани акс этган тасвирларни бўлишган ва мусиқа чолғу асбоблари жамиятда коррупцияни тарғиб қилиш учун ишлатилаяпти, дея твит қолдирган.
“Толибон” Ахборот ва Маданият вазирлигининг оммавий ахборот воситалари мониторинги раҳбари Абдулҳақ Ҳамад қўшиқ айтиш ва мусиқа асбобларини чалиш шариат қонунларига зид ҳаракат эканини айтган. У ушбу воситаларни чалиш орқасидан кун кўрадиганларни бошқа касб билан шуғулланишга чақирган.
Маълумот учун, 2021 йилда ҳокимиятга келганидан бери “Толибон” мусиқачилар ва рассомларга жиддий чекловлар қўйган, бу эса юзлаб одамларни мамлакатдан хавфсиз жойга кўчишга мажбур қилган.
Мамлакатдан чиқиб кета олмаганлар қўрқитиш, зўравонлик, қийноқлар ва ҳатто ўлим хавфи остида қолган. Шунингдек, мусиқачилардан ҳеч қачон қўшиқ айтмаслик, чолғу асбобларини чалмаслик ваъдаси олинган.
Бундан ташқари, 2021 йилнинг август ойи охирида Кобул шимолидаги Андараб қишлоғида толиблар томонидан таниқли халқ қўшиқчиси Фавад Андарабий, Шарқий Нуристон вилоятида яна бир машҳур халқ қўшиқчиси Муслим Нуристоний акаси билан бирга номаълум қуролли шахслар томонидан ўлдирилди. Шу билан бирга, таниқли қўшиқчи Гудар Зазайи мусиқа асбобларининг ёнишини томоша қилишдан олдин толиблар томонидан калтакланган.
LiveБарчаси