“Толибон” Қўштепа канали қурилишининг иккинчи босқичини бошлади (видео)
Олам
−
12 Октябрь 2023
12439Амударёдан сув оладиган Афғонистондаги Қўштепа канали қурилишининг иккинчи босқичига старт берилди. Бу ҳақда TOLONews хабар берди.
Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида бўлиб ўтган тадбирда “Толибон”нинг юқори мартабали вакиллари қатнашган.
Унда қурилиш якунига етгач, Афғонистон ўзини ўзи ғалла билан тўлиқ таъминлай олиши айтилди.
“Афғонистон қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалигига жиддий эътибор қаратиш ниятида. Қўштепа канали қурилиши бунга мисолдир”, деган “Толибон” бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари мулла Абдул Ғани Бародар.
Шунингдек, очилиш маросимида сўзга чиққан “Толибон” вакиллари минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистонни Қўштепа канали қурилишидан хавотирланмасликка чақирган. Улар минтақа давлатларининг хавотирларини дипломатик йўллар орқали ҳал қилишга тайёрлигини билдирган.
"Афғонлар ғайратли халқ бўлиб, ўз мажбуриятлари ва ваъдаларига содиқдир. Биз чегарадан ўтмаймиз ва ҳуқуқларимизни ҳимоя қиламиз", деган “Толибон” ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сирожиддин Ҳаққоний.
Қўштепа каналининг узунлиги 280 километр, эни 100 метр бўлиб, у Балх вилоятининг Қалдар туманидан бошланиб, Жаузжон вилоятидан ўтиб, Андхой Фарёб туманига етиб боради.
Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида Қўштепа канали қурилишининг биринчи босқичи якунланганди. Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчилари – Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий музокараларга Афғонистонни ҳам жалб этишни таклиф қилганди. У Афғонистонда Қўштепа каналининг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сув режими ва мувозанатини тубдан ўзгартириши мумкинлигини айтганди. “Толибон”нинг энергетика ва сув вазири вазифасини бажарувчи Абдул Латиф Мансур эса қўшни давлатлар билан Амударё сувидан фойдаланиш муаммосини муҳокама қилишга тайёрлигини, бироқ Афғонистоннинг ҳеч ким билан сув бўйича шартномаси йўқлигини билдирганди.
LiveБарчаси