“Толибон” қизларнинг ўқишини тўхтатиб қўйишга олиб келган сабабларни очиқлади
Олам
−
23 Декабрь 2022
13824Афғонистонда “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукуматдаги олий таълим вазири Над Муҳаммад Надим “Толибон”нинг афғон университетларида талаба қизларнинг дарсларини тўхтатиш ҳақидаги қарорига туртки бўлган тўртта сабабни айтиб ўтди. Унинг кеча, 22 декабрь кунги сўзларини “TOLOnews” телеканали келтирмоқда.
Над Муҳаммад Надимнинг сўзларига кўра, бундай қарорга “[университет] ётоқхоналарида аёлларнинг бўлиши ва уларнинг вилоятлардан [ўқиш учун] эркаклар ҳамроҳлигисиз келиши, талаба қизларнинг ҳижоб ўраш қоидаларига риоя қилмаслиги, эркак ва аёлнинг биргаликда ўқиши, баъзи факультетларда қизларнинг ўқитилиши ислом қонунларига зид ва афғонларнинг ғурурига путур етказиши сабаб бўлган.
2021 йил баҳорида АҚШ ўз Қуролли кучларини Афғонистондан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг “Толибон” мамлакат устидан назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операцияни бошлаган эди. 15 август куни толиблар Қобулга жангсиз кириб келди ва 7 сентябрь куни қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.
2021 йил сентябрь ойи бошида Афғонистоннинг бутун ҳудуди устидан назорат ўрнатган “Толибон” тарафдорлари аёллар ва қизларга турли чекловлар қўя бошладилар ва буни мамлакатда “тегишли исломий муҳит” яратиш зарурати билан изоҳладилар. Жумладан, 20 йилга яқин мавжуд бўлган Хотин-қизлар ишлари вазирлигини тугатиб, ўрнига Исломий даъват, ҳидоят, амр ва маърифат вазирлигини ташкил этишди, қизларнинг мактабларга киришини чекланди ва кўчада, жамоат жойларида аёллар рўмол ўрашга мажбурланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 декабрь куни “Толибон” ҳаракати мамлакат университетларидан талаба қизлар учун дарсларни кейинги огоҳлантиришгача тўхтатишни талаб қилди. Бунинг ортидан АҚШ маъмурияти ўз иттифоқчилари билан биргаликда Афғонистондаги олий ўқув юртларида қизларнинг ўқиши тўхтатилгани муносабати билан “Толибон” ҳаракатига қарши чора кўришни режалаштираётгани маълум қилинди.
LiveБарчаси