“Толибон” Афғонистоннинг янги конституциясини тайёрлади

Олам

image

“Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг янги асосий қонуни лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда “Толибон” ишлаб чиққан Конституция нусхасини қўлга киритган “Aamaj News” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, “Толибон”нинг Конституция лойиҳасида Афғонистон Ислом Амирлигининг асосий принциплари ўз аксини топган. Ҳужжат 12 боб ва 179 банддан иборат. Унда қонунлар ва сиёсат фақат ҳанафийлик юриспруденциясига асосланиши кўрсатилган. Барча афғон фуқаролари ҳеч бир айирмачиликсиз, тенг ҳуқуқли, деб эълон қилинади.

Ҳужжатга кўра, ҳукумат ислом илмини ривожлантиради ва диний мактаблар ташкил қилади. Янги афғон ҳукуматининг байроғи оқ рангда бўлади. Пушту ва дари тиллари мамлакатнинг расмий тили бўлади. Ўрта мактабда араб тили ўқитилади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ тарихида энг узоқ – 20 йил давом этган ҳарбий операция жорий йилининг 31 август куни якунланди. Аҳамиятлиси, америкаликлар мамлакатни тарк этишга улгурмасидан жорий йилнинг 15 август куни "Толибон" ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади.

Президент Ашраф Ғани бошлиқ АҚШ этовидаги ҳукумат ағдарилди. Президент Ғани мамлакатдан қочиб кетди. Ҳозирда Афғонистонда "Толибон" билан фақатгина Миллий қаршилик фронти курашмоқда. Толиблар қаршилик кучларининг маркази бўлган Панжшер вилоятига ҳам кириб боришди.

Жорий йилнинг 7 сентябрь куни "Толибон" ҳаракати Афғонистонни бошқарадиган вақтинчалик ҳукумат тузилганини эълон қилди. Унинг таркибига фақатгина "Толибон" аъзолари киритилди. Орадан кўп ўтмай, толиблар Афғонистоннинг доимий ҳукуматини шакллантириш учун олти ойдан кейин сайлов ўтказиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон

Баҳолаганлар

195

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг