“Толибон” Афғонистонда демократик давлат қурадими? Ҳаракат вакили жавоб берди
Олам
−
19 Август 2021
15780Афғонистон демократик давлатга айланмайди, унда шариат қонунларига амал қилинади. Бу ҳақда “Толибон” вакили Воҳидулла Ҳошимий “Reuters” агентлигига маълум қилди.
“Демократик тизим умуман бўлмайди, чунки унинг мамлакатимизда пойдевори мавжуд эмас”, дейди у.
Шунингдек, Ҳошимий мамлакатда сиёсий тизим ҳақида ҳеч қандай мунозара ўтказилмаслигини таъкидлаб, бу, аллақачон, аниқ бўлганини қўшимча қилган.
“Шариат қонунларига амал қилинади, бори шу ”, дейди у.
Унга кўра, Афғонистонда ҳокимият тузилмаси “Толибон” ҳукмронлигининг олдинги даври — 1996–2001 йиллардагига ўхшаш бўлади.
Элатиб ўтамиз, “Толибон” жорий йилнинг 15 август куни бутун Афғонистон ҳудудини ўз назоратига олганини ва ҳукумат кучлари билан қуролли тўқнашув тугаганини хабар қилди. Бугун, 19 август куни эса ҳаракат мамлакатнинг Буюк Британия мустамлакасидан озод бўлганининг 102 йиллиги муносабати билан Афғонистонни Ислом Амирлиги, деб эълон қилди.
Маълумот учун, Aфғонистон Мустақиллик куни – 1919 йилда Aнглия-Aфғонистон шартномаси имзоланиши муносабати билан 19 августда нишонланадиган миллий байрам. Бу битимга мувофиқ Буюк Британия ниҳоят Aфғонистон давлатининг мустақиллигини тан олган.
2001 йил Афғонистонга кирган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг асосий қисми мамлакатни тарк этди. Ғарб давлатларининг Қобулда қолган кучлари дипломатларни ва ўзларига ёрдам берган афғонларни эвакуация қилиш билан банд. “Толибон” сиёсий идораси вакили Муҳаммад Наим Афғонистонда 20 йил давом этган уруш тугаганини эълон қилди.
Ҳокимиятга толиблар келганидан кейинги дастлабки кунларда Қобул аэропортида тартибсизлик ҳукм сурди: одамлар дипломатик ходимларни мамлакатдан олиб кетаётган хорижий самолётларга ҳужум қилди. Кейинчалик маълум бўлишича, бир неча киши самолёт бортидан йиқилиб вафот этган.
LiveБарчаси