Ўзбек жангчиси: Дунё футболининг оғзидан тушмаётган Абдуқодир Ҳусанов тарихи
Спорт
−
13 Март
10668“Манчестер Сити” ўз мухлислари учун ўзбекистонлик ҳимоячиси – Абдуқодир Ҳусанов ҳақида мақола эълон қилди. Унда Ҳусановнинг ҳаёт ва карьера йўли, болалиги, оиласи, ҳеч қачон нашр қилинмаган оилавий фотосуратлари ва хотиралари ҳамда ундан доимо ғурурланадиган ўзбек халқи ҳақида гап боради. Абдуқодир Ҳусанов “Челси”га қарши ўйинда дебют қилишидан бир муддат аввал “Манчестер Сити” футболчисига айланган эди. Ҳали 20 ёшда бўлган Абдуқодир Ҳусановнинг тезда асосий таркибда ўйнай бошлаши қисман ҳимоядаги инқироз билан боғлиқ бўлиб, Пеп Гвардиолада инглиз тилини жуда кам ёки умуман билмайдиган, шу пайтгача 31 та юқори даражадаги клуб ўйинида қатнашган ёш ўйинчини майдонга туширишдан бошқа илож қолмаганди.
Ҳусанов майдонга тушганининг дастлабки уч дақиқасида Эдерсонга боши билан узатган нотўғри узатмаси сабаб тўпнинг “Челси” футболчиларига тушиб, ҳисоб очилишига олиб келди. Орадан бир дақиқа ўтиб, АПЛда дебют қилган биринчи ўзбекистонлик футболчи сариқ карточка ҳам олди.
Воқеалар ривожини кузатиб турган мухлис ва мутахассислар Ҳусановни яхши таниб олди. Бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларнинг кўзлари ўзбекистонлик 20 яшар болада эди, Ҳусанов ер ёрилса, ерга кириб кетишга тайёр эди, ўшанда гўё, чунки вазият янада ёмонлашиши мумкин эди.
Жамоадошлари, “шаҳарликлар” мухлислари ва мураббийи ёрдами билан у ўзига бўлган ишончни барқарор ўстириб борди ва бўлимнинг қолган қисмини етарлича хотиржамлик билан ўтказди. 54 дақиқада эса унинг дебюти қарсаклар билан якунланди, унинг ўрнига Жон Стоунз майдонга тушди.
Янги порлаётган, бироқ ҳали унчалик машҳур бўлмаган истеъдод...
Очиқ айтганда, 2025 йил январь ойида “Манчестер Сити”га ўтишдан олдин Абдуқодир Ҳусанов ҳақида кўпчилик деярли ҳеч нарса билмас эди.
Клублар чет эллик футболчилар билан боғлана бошлаганда, YouTube ўзига хос аҳамият касб этади – фойдаланувчилар интернетдаги барча мавжуд видеоларни излаб кўришга тушади.
Ҳусановнинг ўйин лавҳаларини кўрганлар унинг қаттиқ курашувчи, ўзини тўлиқ ўйинга тўлиқ бағишлайдиган ва фавқулодда тезкор ҳимоячи эканлигига амин бўлди. Оддий қилиб айтганда, ўз ишини чин дилдан ёқтирадиган ҳимоячи.
Бироқ у ҳали катта тажрибага эга эмасди ва кўпчилик яхши танимаган мамлакатдан келганди. Шундай экан, уни “Манчестер Сити” билан боғлаш мумкин бўлса-да, воқеалар бу даражада тезлашиб кетишини тасаввур қилиш қийин эди.
Футбол харитасида эндигина пайдо бўлаётган мамлакат вакили бўлишига қарамай, Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси чиндан ҳам амалдаги Англия чемпионларига ўтиши футболчи ва унинг ватандошлари учун ақл бовар қилмас воқеадир.
Абдуқодирнинг футболчилик йўлини яхшироқ тушуниш учун эса ҳаммаси қаердан бошланганини кўриб чиқишимиз керак, яъни Ўзбекистон пойтахти Тошкентда, 2004 йилнинг кабиса йилида дунёга келган “Сити”нинг келажакдаги 45-рақами эгаси
Футбол унинг қонида бор...
Абдуқодир Ҳусанов – Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ футболчиси Ҳикматжон Ҳошимовнинг ўғли. Шундай бўлса-да, баъзиларга нега Абдуқодир отасининг фамилиясини олмаганлиги қизиқ туюлиши мумкин.
Ўзбек анъаналарига кўра, оталар ўз фарзандларига боболари номи билан фамилия беради. Абдуқодирнинг бобосининг исми Ҳусан бўлгани учун отаси унга Ҳусанов фамилиясини берган. Ушбу анъана бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда оммалашган ҳолда сақланиб қолган.
Абдуқодир футболдаги илк қадамларини мамлакатдаги энг номдор клублардан бири ҳисобланган “Бунёдкор” академиясида қўйган. Ўзбекистон ташқарисида эса “Бунёдкор” бразилиялик футбол афсонаси Ривальдонинг собиқ жамоаси бўлгани билан машҳур – у 2008-2010 йилларда ушбу клуб сафида 72 та ўйинда майдонга тушиб, 42 та гол урган.
“Ҳусанов “Бунёдкор”га етти ёшида келган. Ўшанда ҳам у ажойиб тезликка эга эди – ҳатто ўзидан бир-икки ёш катта футболчилардан ҳам тезроқ югура оларди. Футболда тезлик жуда муҳим, чунки бу табиий истеъдод. Уни машғулотлар билан яхшилаш жуда қийин”, дейди Абдуқодирнинг илк мураббийи Сергей Чигодаев.
Абдуқодир бир неча йил давомида ўзидан катта футболчилар билан ўйнади. У 2002-2003 йилларда туғилган футболчилар жамоасида тўп сурди, гарчи 2004 йилнинг 29 февралида туғилган бўлса ҳам. Шунинг учун Чигодаевнинг айтишича, Абдуқодир жисмонан унчалик кучли бўлмаса ҳам, тезда чиниқиб кетди. У доим жамоасининг энг ёш аъзоси бўлгани боис, танлов имконияти йўқ эди.
“Абдуқодир болалигидан катта истеъдодга эга эканлиги аён эди. Бироқ истеъдод тўғри ривожлантирилиши керак. Футболда фақат истеъдод билан муваффақиятга эришиб бўлмайди. Ҳусановда эса истеъдод бор, меҳнатсеварлик бор, интизом ва тўғри тарбия бор. Мен унга майдонда нима қилиш кераклигини айтсам, у буни ҳеч иккиланмай бажарар эди. Абдуқодир ҳеч қачон баҳслашмас, ҳар доим жуда камтар эди. У майдонда ҳеч кимга бўш келмас, ҳаттоки ўзидан каттароқ футболчиларга ҳам. Шунга қарамай, Абдуқодир доимо камтар ва одобли бўлиб қолди. У “Ланс”да ўйнагани ҳам, ҳозир “Манчестер Сити”да ўйнаётгани ҳам уни умуман ўзгартирмади”, дейди Чигодаев.
Тез суръатда порлаётган истеъдод...
17 ёшида Ҳусанов Беларусга, “Энергетик-БГУ” клубига йўл олди. У ерда бир йил давомида фақат машғулотларда иштирок этиб, ўртоқлик учрашувларида ўйнади ва 18 ёшга тўлишини кутди. 2022 йил март ойида эса “Талабалар” (“Энергетик-БГУ” клубининг лақаби) сафида дебют қилди.
Абдуқодир тезда жамоанинг асосий футболчисига айланди ва илк мавсумдаёқ 30 та учрашувнинг 27 тасида майдонга тушди. У деярли ҳар доим асосий таркибда ўйнаб, тўлиқ 90 дақиқани майдонда ўтказди. Бундан ташқари, марказий ҳимоячи бўлишига қарамай, 3 та гол ва 4 та голли узатма муаллифи бўлди – ҳимоячи учун ёмон натижа эмас.
2022 йил ёзида Ҳусанов Ўзбекистон U-20 терма жамоасига чақирув олди. Бунгача у фақат Ўзбекистон U-17 сафида ўйнаган эди. 2023 йил март ойида эса Ҳусанов Тошкентда бўлиб ўтган U-20 Осиё кубогида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг етакчиларидан бирига айланди.
У турнирдаги барча ўйинларда қатнашиб, жамоага чемпионликни қўлга киритишда ёрдам берди. Эътиборлиси, буларнинг барчаси айнан Ҳусанов профессионал футболга илк қадам қўйган “Бунёдкор” стадионида содир бўлди. Орадан икки ой ўтиб, у Ўзбекистон U-20 жамоаси билан FIFA U-20 Жаҳон чемпионатига йўл олди.
Деярли ҳар бир топ-футболчининг фаолиятида омадли тасодифлар бўлади ва Ҳусанов бундан мустасно эмас. Дастлаб, FIFA U-20 Жаҳон чемпионати Индонезияда ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ мезбон давлат турнир олдидан унда иштирок этишдан воз кечди. Натижада мусобақа Аргентинага кўчирилди ва Ўзбекистон ушбу мамлакат билан бир гуруҳдан жой олди.
Европа клублари скаутлари мусобақага асосан аргентиналик Максимо Перроне, Валентин Карбони ва Матиас Соулени кузатиш учун келган эди. Бироқ айнан ўша U-20 ўйинида Ўзбекистон 1:2 ҳисобида мағлуб бўлишига қарамай, ёш ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов уларда жуда яхши таассурот қолдирди.
Франциянинг “Ланс” клуби скаути ҳам унга қизиқиб қолди, шунингдек, “Манчестер Юнайтед” ва бир нечта бошқа Европа жамоалари вакиллари ҳам уни диққат билан кузата бошлади.
Ҳаттоки, Преймер-лига клубларидан бири Ҳусановнинг агенти Ғайрат Хасбиуллинга мурожаат қилиб, ёш ҳимоячини ўз жамоаси учун мукаммал вариант деб ҳисоблашини маълум қилди. Бироқ трансфер амалга ошмади.
FIFA U-20 Жаҳон чемпионати якунланганидан бир неча ҳафта ўтиб, Абдуқодир Ҳусанов “Ланс” клубига кўчиб ўтди. Клуб уни таништирар экан, “Осиёдан келган чексиз салоҳият эгаси” деб атади. Трансфер суммаси бор-йўғи 100 минг еврони ташкил этди – бу “Ланс” учун ажойиб ва фойдали инвестиция бўлиб чиқди.
“Биз трансфердан аввал Ҳусановни синчковлик билан ўрганиб чиқдик. У майдонда 19 ёшли эмас, 25 ёшли футболчи каби ҳаракат қилгани мени ҳайратга солди. У етук ва тажрибали футболчидек ўйнар эди. Машғулотларда ҳам нималарга қодирлигини кўрдик – у техникаси ва жисмоний кучи билан бизни ҳайрон қолдирди. Бизда бошқа ёш футболчилар ҳам бор, лекин Ҳусанов доим ўзининг хотиржамлиги билан ажралиб турарди”, дейди “Ланс” бош мураббийи Франк Хайз.
2023 йил ёзида Абдуқодир илк бор Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирилди. Уммон билан дебют учрашувидан сўнг у тезда асосий таркибнинг доимий аъзосига айланди ва ҳозирга қадар Ўзбекистон сафида 18 та ўйинда майдонга тушди.
“Ланс” сафида Ҳусанов илк мавсумда 15 та учрашувда қатнашди. У доимий асосий таркиб футболчиси бўлмаса ҳам, ҳар гал майдонга тушганида ишончли ўйин намойиш этди. Франциялик спорт журналистлари уни бир неча бор “L’Equipe” нашри томонидан тузилган ҳафта рамзий жамоасига киритди.
2024 йил ёзида Ҳусанов “Ланс”нинг муҳим футболчиларидан бирига айланди ва яна баъзи омиллар унинг фойдасига ишлади. Австриялик ҳимоячи Кевин Дансо “Рома” клубига ўтишга тайёр эди, бироқ тиббий муаммолар туфайли трансфер амалга ошмади. Натижада, Дансо “Ланс”да қолди, лекин даволаниши кераклиги сабабли ўйнай олмади. Ҳусанов ҳали унчалик тажрибали бўлмаса-да, мураббий унинг имкониятларига ишонди – ва у ишончни оқлади.
2024 йил октябрь ойида Ҳусанов Лига 1’нинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди. Шунингдек, 2024/25-йилги мавсумнинг илк ярмида, атиги 16 ўйинда майдонга тушиб, 1 та голли узатма амалга оширганига қарамай, Франция чемпионати рамзий жамоасига киритилди.
Бу вақтда эса “Манчестер Сити” аллақачон унга жиддий қизиқиб улгурган эди. Клуб 2025 йил январь ойидаги трансфер ойнаси очилиши билан тезкорлик билан ҳаракат қилиб, Ҳусановни қўлга киритди. Бу аллақачон жуда ақлли ва фойдали харид сифатида баҳоланмоқда.
Ҳусановнинг йўли Англия Премьер-лига футболчиларининг одатдаги йўлидан фарқ қилади. У Англия чемпионатида тўп сураётган илк ўзбек футболчиси бўлиб, бутун халқ унинг ҳар бир ҳаракатини диққат кузатиб турди. Майдонда – жангчи, майдон ташқарисида эса камтар ва сокин. Ҳусановнинг “Сити”даги саёҳати эса қандай давом этаётганини сиз ва биз яхши биламиз. “Сити” мухлислари янги бир буюк футболчининг етишаётганига гувоҳ бўлмоқда.
LiveБарчаси