Тейлор Свифт сайловолди пойгасида Ҳаррисни қўллаб-қувватлади
Олам
−
11 Сентябрь
2917Хонанда Тейлор Свифт АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Демократик партиядан номзод, АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррисга овоз беришини айтди. Бу ҳақда у Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
"2024 йилги президентлик сайловларида Камола Ҳаррис ва Тим Уолзга овоз бераман", дейди қўшиқчи.
Свифт Ҳарриснинг республикачи номзод Дональд Трамп билан сайловолди дебатини кузатганини қўшимча қилди.
Хонанданинг сўзларига кўра, у Трампни қўллаб-қувватлаган сунъий интеллект видеосидан сўнг ўз позициясини очиқ ифода этишга мажбур бўлган. Свифтнинг фикрича, Ҳаррис "барқарор ва иқтидорли лидер" бўлиб, у билан Қўшма Штатлар кўп нарсага эриша олади.
Аввалги президентлик сайловларида ижтимоий медиа аудиторияси миллионлаб одамларга етадиган Свифт демократ Жо Байденни қўллаб-қувватлаган эди.
Қайд этиш жоизки, Тейлор Свифт Қўшма Штатлардаги кўпчиликка таъсир кўрсата олади. Январь ойи бошида “Redfield & Wilton Strategies” томонидан ўтказилган эксклюзив сўровномада сайловчиларнинг 18 фоизи хонанда томонидан маъқулланган номзодга овоз беришини айтган. Сўров 1500 киши орасида ўтказилган бўлиб, уларнинг 45 фоизи Тейлор Свифтнинг мухлислари эканини ва у қайси номзодга овоз беришни эълон қилса, худди шуни танлашини билдирган.
АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади. Байден Демократик партия вакили бўлади деб тахмин қилинган эди, аммо унинг июнь ойидаги Трамп билан дебатидаги ҳалокатли чиқишидан сўнг, демократлар ўртасида Байденни курашдан воз кечишга чақириқлар кучайиб кетди. 21 июль куни у пойгадан чиқишга қарор қилди ва Ҳарриснинг АҚШ ҳукуматининг энг юқори лавозимига номзод сифатида кўрсатилишини қўллаб-қувватлади.
LiveБарчаси