Трамп ва Ҳаррис ўртасида илк теледебат бўлиб ўтди
Олам
−
11 Сентябрь
7434АҚШнинг Филадельфия штатида республикачи Дональд Трамп ва демократ Камола Ҳаррис ўртасида жорий йилнинг 5 ноябрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган мамлакат президентлиги учун сайловдан олдин биринчи теледебат бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ABC News” хабар берди.
Нашрга кўра, дебат икки реклама танаффуси билан одатдагидек 90 дақиқа давом этган. Жонли томошабинлар иштирок этмаган. Муҳокамани АBC телеканали бошловчилари олиб борди.
Телеканал тақдим қилган сўровнома натижаларига кўра, номзодлар ҳозирда тахминан бир хил рейтингга эга, шунинг учун бу дебат сайлов натижаларига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши мумкин.
Америка оммавий ахборот воситалари Дональд Трампнинг муваффақият қозониши учун энг муҳими нутқи давомида совуққонликни йўқотмаслик эканлигини билдирган. Камола Ҳаррис эса Жо Байден сиёсати учун жавоб бериши керак. Шу билан бирга у шунчаки ҳозирги Президент изидан бормаслигини намойиш этади.
Бугунгача Трамп ва Ҳаррис шахсан учрашмаган эди. Номзодларнинг нутқи давомида ҳар бир саволга жавоб бериши учун икки дақиқа вақт берилди.
Дебат давомида Трамп 2020 йилги сайловда мағлуб бўлганини тан олишдан бош тортди ва тарафдорларининг Капитолийга бостириб кирганидан афсусда эмаслигини айтди.
Республикачилар партиясидан президентликка номзоднинг қўшимча қилишича, Капитолийга бостириб кирган одамларга жуда ёмон муносабатда бўлишган.
Трамп сайловда овозларнинг сохталаштирилганлиги ҳақида жуда кўп далиллар борлигини айтди. Бироқ у бирорта ҳам далил келтирмади.
“Мен деярли 75 миллион овоз олдим, бу сайловларда ғалаба қозонган ҳар қандай президент тўплаганидан кўра кўпроқ овоздир”, деган Дональд Трамп.
Шунингдек, Трамп Ҳаррисни Жо Байденнинг сайловолди дастури ва риторикасини кўчиришда айблади. Унинг сўзларига кўра, Ҳаррис 3 йил олдин ўзи ишонган барча ғояларидан воз кечган ва ҳозирда Трампнинг фалсафасини ўрганмоқда.
“У ҳам, ота-онаси ҳам марксист”, деган Оқ уйнинг собиқ раҳбари.
Трамп Байденнинг фаолияти ва президентлик пойгасидан четлатилишига ҳам тўхталиб ўтди.
“Биз унинг президентлигини ҳам билмаймиз. Байден қандайдир жонзот каби президентлик пойгасидан четлаштирилди. Биз унинг ишлаганини, ҳаттоки тириклигини ҳам билмаймиз”, деган Трамп.
Республикачи Трамп демократлар – Ҳаррис ва Байденни америкаликларни хонавайрон қилган юқори даражали инфляцияда айблади. Трамп ўз бошқарувида инфляция бўлмаганини иддао қилди. У ноқонуний муҳожирлар сонининг кўпайиши ва жиноятчиликнинг ўсишига ҳам демократларни сабабчи қилиб кўрсатди.
Трамп Россия-Украина ўртасидаги урушга ҳам тўхталар экан, агар у Оқ уйга бош бўлганида, уруш бўлмаслигини билдирган.
“Мен Путинни яхши биламан, у менинг президентлигим даврида ҳеч қачон бизга таҳдид солмаган эди. Агар демократлар бўлмаганида ва мен президент бўлганимда Путин Украинада ҳеч қачон уруш кўтармас эди”, дейди у.
Дебатнинг иккинчи меҳмони Камола Ҳаррис ҳам ўз фикр ва иқтибосларини келтириб ўтди. Ҳаррисга кўра, Трампнинг америкаликлар келажаги учун ҳеч қандай тайинли режаси йўқ, унинг иқтисодий режаси мамлакатдаги вазиятни ёмонлаштиради.
Камола, шунингдек, Трампга Американи Хитойга сотганлик айбини қўйди. У Трамп президентлигидан сўнг Қўшма Штатлар соғлиқни сақлаш тизими ва иқтисодда азият чекканини айтди.
Демократнинг қайд этишича, Трамп маъмурияти Америка тарихидаги энг юқори савдо камомадига сабаб бўлиб, бемаъни савдо урушларини олиб борган.
Камола Ҳаррис ҳам Россия-Украина масаласига тўхталиб ўтди ва агар Трамп президент бўлганида, Путин аллақачон Киевни назорат қилаётган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Трамп эса демократлар бошқаруви дунёни учинчи жаҳон урушига етаклашини айтган.
Маълумот учун, АҚШдаги келгуси сайловларда демократлардан президентликка номзод, мамлакатнинг амалдаги вице-президенти Камола Ҳаррис 4 сентябрь куни “Fох News” телеканалида мезбонлик қилиши керак бўлган сайловолди дебатида қатнашишдан бош тортди. Республикачи Трамп, аввалроқ, Ҳаррис билан сайловда уч раунд дебат ўтказишни хоҳлашини айтган. Трампнинг таклифига кўра, биринчи раунд 4 сентябрь куни “Fох News” телеканалида, 10 сентябрь куни бўлиб ўтадиган иккинчи дебатга ABC телеканали мезбонлик қилиши, учинчи раунд мунозара NBC телеканалида бўлиб ўтиши керак эди. Ҳозирча Ҳаррис фақат 10 сентябрь кунги баҳсда қатнашишга рози бўлган ва унда иштирок этди. Бироқ демократлар номзоди 10 сентябрдан кейин қўшимча дебатлар ўтказиш ғоясини муҳокама қилишга тайёрлигини ҳам айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оқ уйнинг собиқ раҳбари, АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан кўрсатилган номзод Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путиннинг ушбу сайловда Демократик партия номзоди Камола Ҳаррисни фаворит сифатида кўриши ҳақидаги гапларидан норозилигини билдирганди.
LiveБарчаси