Термиз давлат педагогика институти ўтказган 2 млрд сўмлик тендер натижалари бекор қилинди
Жамият
−
06 Август
4803Термиз давлат педагогика институти томонидан ўтказилган бошланғич қиймати 2 млрд сўмлик тендер савдоси натижалари бекор қилинди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Билдирилишича, Рақобат қўмитасининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасига Термиз давлат педагогика институти томонидан 2024 йил 11 июлда бошланғич қиймати 2 млрд сўмлик ўтказилган тендер савдоси юзасидан мурожаат келиб тушган.
“Қўмита томонидан мурожаатга асосан олиб борилган ўрганишда, Буюртмачи (Термиз давлат педагогика институти) томонидан институтининг янги қурилаётган ўқув биносига мебеллар харид қилиш учун бошланғич қиймати 2 002 382 125 сўмлик танлов савдоси ўтказилган. Мазкур тендер савдосида, буюртмачи ташкилот (харид комиссияси) томонидан иштирокчилар (“Stekloplastik” МЧЖ, “Global tex prom servis” МЧЖ,“ Muhammadali savdo sanoat servis” МЧЖ, “Farovon-fayz” ХК, “Neatest” МЧЖ ва “Omad xamrox mezon” МЧЖ) тақдим этган танлов таклифларини баҳолаш мезонларининг нисбий қиймати ишлаб чиқилмаганлиги маълум бўлди”, дейилади хабарда.
Ишни кўриб чиқиш натижасида “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиши аломатлари юзасидан Термиз давлат педагогика институтига нисбатан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якуни бўйича қўмита кўрсатмаси билан тендер савдоси натижалари бекор қилинган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Наманган вилояти Косонсой туман ободонлаштириш бошқармаси амалга оширган 28 та тендер савдоларида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланганди.
LiveБарчаси